Президент раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди

13:49 15 Май 2025 Сиёсат
146 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, йиғилиш аввалида давлат раҳбари ўзбек халқини 15 май – Халқаро оила куни билан табриклади.

«Оила – жамият таянчи, маънавият бешиги ва авлодлар ўртасидаги узвийлик рамзидир. Халқимиз азал-азалдан оилага муқаддас қадрият, барқарорликнинг мустаҳкам асоси сифатида қараб келади.

Дарҳақиқат, ўзаро ҳурмат, шукроналик бор оилаларда файз бўлади. Бундай оилалар қанча кўп бўлса, маҳалла ҳам тинч ва обод бўлади. Маҳалласи тинч туманлар ва шаҳарларда, умуман, бутун мамлакатда ривожланиш бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги ҳар бир оилага тинчлик, тотувлик ва фаровонлик тилайман. Меҳр-оқибат, садоқат ҳеч бир хонадонни тарк этмасин!

Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ.

Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур», деди давлатимиз раҳбари.

Охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ 7 карра оширилгани, жорий йилда бунга 60 триллион сўм йўналтирилаётгани таъкидланди.

Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўринлар яратилди. Боғча билан қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етди.

Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош оляпти.

Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди. Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?