Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги кенг нишонланмоқда
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
14 февраль — темурий шаҳзода, буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун. Бугун адиб таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан республикамиз ҳудудларида турли тадбирлар ўтказилиб, шоир ҳайкаллари пойига гуллар қўйилмоқда. Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида ташкил этилди.

«Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолияти — ватанпарварлик намунаси» мавзусида ўтказилган тадбирда ижодкорлар, ёзувчи ва шоирлар, Жамоат хавфсизлиги университети вакиллари, талаба-ёшлар, ҳарбийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Йиғилганлар улуғ шоир ижодидан намуналар ўқиб, Мирзо Бобурнинг тарихий образини гавдалантирган ёшларнинг чиқишларини томоша қилди. Тадбир якунида адиб хотирасини абадийлаштириш мақсадида хиёбонда ўрнатилган ҳайкал пойига гулчамбар қўйилди.




Сўнгги йилларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи янада улуғланиб, шоир ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Зеро буюк шоир меросини чуқур ўрганиш, уни замонавий илм-фан ва таълим жараёнлари билан уйғун ҳолда тарғиб этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири саналади.



Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига, шунингдек, Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боққа Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Бу қарор халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу интилишнинг яққол рамзи сифатида баҳоланмоқда.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўттиздан ортиқ тилга таржима қилинган машҳур «Бобурнома» асари муаллифидир. Шунингдек, у беназир шеърий мерос — икки девон тузган, аруз илмига оид махсус рисола яратган, қонунчиликка оид «Мубаййин» маснавийсини ёзган, «Волидия» асарини шеърий таржима қилган ҳамда «Хатти Бобурий» номли алифбони ихтиро этган.
Мирзо Бобурнинг бизгача етиб келмаган «Ҳарб иши», «Мусиқа илми» каби илмий асарлари ҳам маълум. Ўзбек тилида аруз илмига оид энг мукаммал асар сифатида эътироф этилган «Аруз рисоласи» ҳам унинг қаламига мансуб бўлиб, унда буюк шоирлар асарлари билан бир қаторда муаллифнинг ўз шеърлари ҳам салмоқли ўрин эгаллаган.
Мумтоз ўзбек шеърияти тарихида Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоир сифатида Алишер Навоийдан кейинги ўринда тилга олинади. Бу бежиз эмас, чунки шеър ёзиш унинг учун ҳавас эмас, балки ўз таъби, диди ва ҳолат-аҳволини ифода этиш воситаси бўлган. У шундай ёзган:
Дўстларнинг суҳбатида не хуш ўлғай аҳси шеър,
То билингай ҳар кишининг таъби бирла ҳолати.
Муҳсин Умурзоқов,
Юнус Бўриев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг