Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман

10:22 10 Февраль 2026 Сиёсат
2566 0

Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни арафасида Тошкент давлат транспорт университетида «Илм-фан соҳасида қизлар: имкониятлар ва масъулият» мавзусида республика анжумани бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Парламент юқори палатаси раҳбари ўз сўзида илм-фан соҳасида аёллар ва қизлар халқаро куни формал тенглик ёки алоҳида имтиёз бериш масаласи эмаслигини таъкидлади. Ушбу сана инсон капитали самарадорлигини ошириш, илмий қарорлар сифатини яхшилаш ҳамда транспорт, фан ва барқарор тараққиётнинг келажагини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббусдир.

Тадбир давомида хотин-қизларнинг илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалардаги иштироки, замонавий билим ва технологияларни эгаллаш борасидаги имкониятлари, жамият тараққиётидаги ўрни ва масъулияти атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат томонидан хотин-қизларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар, грант дастурлари ва таълим имкониятларининг амалий аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда илм-фан соҳасида хотин-қизлар улушини ошириш, айниқса, аниқ ва техник фанлар, муҳандислик ва инновация йўналишларига қизларни кенг жалб этиш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. Бу борада таълим муассасалари, илмий марказлар ва давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Илм-фан соҳасида салмоқли натижаларга эришган иқтидорли талаба-қизларнинг ютуқлари эътироф этилди. Очиқ мулоқот шаклидаги муҳокамалар иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини берди.

Анжуман доирасида талаба-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорини ривожлантиришга кўмаклашишга хизмат қиладиган Қизлар ташаббуслари ва маслаҳат маркази ҳамда оилали, фарзандли талабалар учун Она ва бола хонасининг очилиши маросими ўтказилди.

Тадбир якунида илмий фаоллиги, ташаббускорлиги ва юқори натижалари билан ажралиб турган бир гуруҳ иқтидорли қизлар Олий Мажлис Сенати Раиси томонидан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер