Бедилни халққа танитган хаттот

15:15 10 Февраль 2026 Жамият
1311 0

Ҳиндистондан бир савдогар Мирзо Абдулқодир Бедилнинг қўлёзма девонини олиб келгани ҳақидаги хабар бухоролик назм ихлосмандлари ўртасида шов – шув бўлди. Бу гапни эшитган амирнинг ҳам ҳаловати бузилди. Шоирнинг ўз қўли билан битилган табаррук асарни кўриш, уни сотиб олиш ниятида мулозимларини савдогар ҳузурига юборди.

Аммо олис йўл босиб келган савдогар бу қўлёзма бебаҳолигини важ этиб, сотгани унамади.Иложсиз қолган мулозимлар ўйга ботишди. Саройга қуруқ қўл билан қайтиш кундага бош қўймоқ билан баробар. Аммо ўлимдан бўлак ҳар қандай мушкулотнинг ечими бор. Мулозимлар бир муддат ўйга толиб, савдогардан Бухорода узоқроқ қолишни сўрадилар. У кўнди.”Қирқ кун қўноқ бўламан”, дея розилик берди.

-Шундан сўнг амирнинг хос вакиллари ҳукмдор номидан “Қайси котиб шу қўлёзмани қирқ кун ичида рисоладагидек кўчириб нусха олса, минг тилло пул ва ҳадялар берилур, дея шаҳару қишлоқларга жар солишади, - дейди бухоролик зукко олим Ҳусен Жўраев. - Бироқ қисқа муддат ичида шундай нозик ва қийин, масъулиятли ишни бажаришга журъат этадиган хаттот бормикан? Ўртага ана шу муаммо қалқиб чиқди. Бахтга қарши котиблардан садо чиқмади. Шунда Бухоронинг Гулзор мавзесида умргузаронлик қилувчи Мирзо Муҳаммад Фозил хаттот бу юмушни зиммасига олди.

Айтишларича, хаттот ҳужрасига қамалиб олган кўйи қирқ кун давомида қўлёзма девон аслиятидан нусха кўчириш билан машғул бўлади. Муддат тугагач, Аркка – амир саройига йўл олади. Бухоро аҳолиси ҳам бу кунни узоқ кутган, зеро, кўнгиллар Бедил шеъриятидан баҳраманд бўлмоқ ҳаваси билан лиммо – лим тўлган эди.

Буни қарангки, хаттот тушмагур тахминан беш юз варақ ҳажмидаги девондан бир эмас, икки нусха кўчиришга улгурган экан. Уларнинг бири амир учун, иккинчиси эса ўзига, ўзи орқали назм ихлосмандларига мўлжалланган эди.Ваъдага кўра, хаттотга илтифот кўрсатилди. Пул берилиб, бошдан оёқ сарупо қилинди.

— 1803 йилда рўй берган бу воқеа сабаб Бедил девони Мовароуннаҳрга тарқалиб кетди,- дейди хаттотлик санъатига оид тадқиқотлар олиб борган Ҳусен Жўраев. - Бир заҳматкаш хаттотнинг машаққатли меҳнати ортидан минглаб кишилар шоир шеърларини мутолаа қилиш, унга ғойибона дўст тутиниш, маънавий озуқа олиш бахтига муяссар бўлдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?