Порлоқ ҳаёт учун курашганлар қиссаси ёки Ҳилол Насимовдан кутилган ва кутилмаган фильм

15:23 29 Сентябр 2018 Маданият
8275 0


Осмонга кўтарилаётган ҳарбий вертолётлар, қирувчи самолётлардан олинган тасвирлар, жанг майдонидаги қонли муҳораба, оҳ-воҳлар, бақир-чақирлар... Аскар снайперлик винтовкасининг дурбини орқали душманнинг пешонасини мўлжалламоқда. У айнан қаерга ўқ узмоқчи эканини зийрак бўлмаган томошабин ҳам дарров илғаши тайин: дурбиннинг мўлжал белгиси экранда кўз ўнгингизда туради. Ҳали одам ўлдирмаган, уруш кўрмаган, ҳарбий машғулотлар пайтида фақат тулупларга қарата ўқ отиб юрган ёш аскарнинг бармоқлари аста титраб, тепкини босади. Ўқ винтовканинг оғзидан олов пуркаб отилиб чиққанча учиб бориб, душманнинг пешонасига санчилишини кузатасиз. Бошнинг ўқ теккан қисмидан бир неча томчи қон отилиб, пистирмада биқиниб ўтирган душман снайпери бир силкиниб жон беради...

Йўқ, бу Голливуд ёки Болливуд киноусталари тасвирга туширган қайсидир фильмдан лавҳа эмас. Мазкур кадрларни жума оқшомида пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги киносаройида тақдимоти бўлиб ўтган ўзбек бадиий фильмида кўришингиз мумкин. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига кўра, “Ватан” киностудияси томонидан Зулфия Юнусова ҳамда Иқбол Мирзо сценарийси асосида Ҳилол Насимов режиссёрлигида суратга олинган “Ҳаёт” бадиий фильми ана шундай қизиқарли лавҳаларга бойлиги билан ҳар қандай томошабиннинг эътиборини тортиб, ҳайратини оширади.

Ўққа учган умидлар оҳи
...Қуёш заррин нурларини сочаётган лолақизғалдоқлар орасида Ҳаёт (Фотиҳ Насимов) ва Лола (Ойсанам Юсупова) қўл ушлашиб чопиб боришмоқда. Осмон ниҳоятда мусаффо: худди рассом мовий рангини аямай сочгандек, теварак-атрофнинг гўзаллиги киши кўзини қамаштиради. Кадр аста ўзгариб, улкан лолақизғалдоқлар орасида бир-бирига қарама-қарши ҳолда осмонга тикилиб ётган икки севишган қалб кўринади. Тасвир баландлаб, янада улкан масофани қамраб олгач, гиламдек қип-қизил кенг майдонда иккита одам шаклигина кўзга чалинади. Аммо бу ер энди лолақизғалдоқларга тўла қирни эмас, қон дарё бўлиб ёқаётган муҳораба майдонини кўпроқ эслатади...

Чиндан ҳам, бугунги порлоқ кунлар учун Ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб, унинг тинчлиги ва озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар олдида ҳамиша қарздормиз. Айтиш мумкинки, 2000 йилнинг август ойида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида юртимиз чегараларини бузиб кирган, осуда ҳаётимизга рахна солмоқчи бўлган ҳокимиятпараст мутаассибларга қарши мардона жанг қилиб, ҳалок бўлган ўғлонларимиз, уларнинг яқинлари, ота-оналари, севикли ёрлари, дўсту биродарлари қисмати мазкур кинокартинада Фарҳод Абдуллаев (Лоланинг отаси), Тоҳир Саидов (Ҳаётнинг отаси), Лола Элтоева (Ҳаётнинг онаси), Меҳриддин Раҳматов (ҳарбий гуруҳ командири), Самиддин Лутфуллаев (кичик гуруҳ командири) каби таниқли актёрлар ансамбли яратган образлар орқали тўлақонли равишда очиб берилган.

Фильм ҳарбий хизматдан таътил олиб, қишлоғига — сўлим Фарғонага қайтган Ҳаётнинг бўлажак тўйи ташвишлари билан бошланади. Ўзи бўладими ахир: тўйга оз қолган, Тошкентдан ҳар куни телевизорда кўриниб турадиган санъаткорларни олиб келиши керак, ҳарбий қисмдаги дўстлари, командирларини таклиф қилиши лозим, уйда ҳам муаммолару камчиликлар талайгина. Аммо онаизор яқиндагина келган ўғлининг яна кетишини истамайди. Бироқ муштипар онанинг қаршилиги ота ризоси билан “синдирилиб”, куёвболага пойтахтга бориш учун рухсат тегади. Шундай-куя... Муҳим сафар олдидан суюклиги, синфдоши, тез орада турмуш ўртоғи бўлмиш Лола билан ҳам учрашиб олмаса бўлмас... Гарчи тез кунларда тўй ўтиб, энди бир умр бирга бўлишлари аниқ эса-да, бўлажак рафиқасининг васлига яна бир бор тўйиб олиши керак-ку ахир...

Учрашув саҳнаси бир оз содда бўлиб қолганлиги, Ҳаёт билан Лола суҳбатлашиб турган пайтида уларнинг ёнига синфдоши келиб, ўзаро мулоқотга киришган чоғда ясамалик, сунъийлик ҳам кўзга ташланса-да, ишонинг, бу Ойсанам Юсупова ҳамда Фотиҳ Насимовнинг қаҳрамонлари ўртасидаги кучли муҳаббатни кўрсатиб беришга асло соя сололмаган. Айниқса, севгилисининг “Тўйгача расмга тушиб олайлик”, деган илтимосига рад жавобини берган Ҳаёт хайрлашар чоғида Лоланинг орқасидан кулимсираб қараб қоларкан, қиз ортга бурилиб, ҳам жаҳл, ҳам араз, ҳам севинч, ҳам теран муҳаббат аралаш тилини чиқариб, йигитни масхара қилиб кетган саҳна муносабатларнинг ғоят самимий, ниҳоятда покиза эканини ифодалашда ўта ишончли чиққан. Назаримда, бу лаҳзани Ҳаёт фақат машинада пойтахтга кетаётганидагина эмас, балки кинокартинанинг финалида яна бир марта хотирга олса, жилмайиб қўйса... Ишончим комил, томошабинни ҳозиргидан-да кўпроқ тўлқинлантира олур эди...

Шу ўринда фильм ижодкорларининг ҳаётни яқиндан билишини, асарни суратга тушириш жараёнида инсон психологияси ва мантиқ аталмиш тушунчаларга таянган ҳолда иш олиб борганликларини, бу эса тасвир томошабинга турли ракурсларда чиройли тарзда етказиб берилганида ҳам яққол намоён бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Постановкачи оператор Ҳусан Алиевнинг ҳар бир кадрни драматургияга асосланган ҳолда ишлагани фильмдаги изчиллик, ёрқинлик, тасвир темпераменти ва мукаммалликни таъминлашга хизмат қилган.

Ватанга хавф туғилганда, аскар жим ўтиролмайди
Ҳаёт Лола билан хайрлашгач, Тошкентга йўл олади. Унинг халқ тилида “мошина-питак” деб аталадиган майдончада қўшниси — муаллиманинг пойтахтда ўқийдиган қизи Азиза учун юбораётган “посилка”сини етказиб бериш мақсадида қўлига олиши саҳнаси асарнинг бош воқеасини белгилаб берган, десам, янглишмайман. Чунки Ҳаётнинг тугунни олиб, уни Азизага топшириш учун олий ўқув юртининг ётоқхонасига бориши қишлоқда кейинчалик урчийдиган гап-сўзлар, туҳмату ғийбатларга, оддий айтганда, драматургиянинг асосий қонуни — асардаги конфликтга сабаб бўлади.

Қишлоқда турли-туман гап-сўзларнинг “болалаши” учун эса асос бор: Ҳаёт тўйга оз вақт қолганига қарамасдан, ҳали ортга қайтмаган. Бунинг асл сабабини томошабин яхши билиб турибди: динни ниқоб қилиб, издошларига ўлгач, шаҳид мақомида жаннатга тушишини ваъда берган, аммо асл мақсади ҳокимиятга эришиш бўлган мутаассиблардан иборат қуролланган гуруҳ Ватан сарҳадларини кесиб ўтди. Уларнинг мақсади аён: ўлдириш, маҳв этиш, бутун Ўзбекистонни олов ичра қолдириш, шу йўл билан четдаги ҳомийларининг ишончини оқлаш... Ўзингиз айтинг, бундай паллада ҳарбий ишни қисмат деб билган шартномадаги сержант бир четда қўл қовуштириб тура оладими?!

Фильм ҳарбийларимизнинг бедор, безовта ҳаётини тўлақонли ёритиб бера олган, дейиш мумкин. Аммо жанг саҳналарида бўрттириш кўп: “бизникилар барибир кучли”, деган қараш кўриниб турибди. Буни инкор этмаган ҳолда, бир тарихий ҳақиқатни ҳам эслатиб ўтишни жоиз, деб билдим. Гап шундаки, Ватанимиз чегарасини бузиб ўтган ўша қуролли шахслар ҳам неча йиллар мобайнида чет эллардаги ҳарбий базалару полигонларда тажриба орттирган, жафокаш афғон заминидаги қонли жангларда иштирок этган, уруш кўрган, одам ўлдирган, қисқача айтганда, қон таъмини ҳис қилган бўрилар эди. Аммо урушнинг дастлабки кунларидаёқ уларнинг ортидан тушган аскарларимиз ўшанда уруш амалиётига эга эдиларми?! Одам ўлдириб ўрганганмидилар?! Қўллари қонга ботганмиди?! Йўқ! Улар урушни ўйин деб билган, аксарияти ҳали гўшанга кўрмаган, ҳаёт не эканлигини англаб ҳам етмаган бўзболалар эди. Шундай экан, фильм мобайнида уларнинг ҳарбий профессионализми босқичма-босқич ўсиб боргани билинса, дастлабки довдирашлар, уруш “илми”нинг йўқлиги боис ўзини ўққа тутиб беришлар, ёнидаги аскарнинг қора қонга беланиб қолганини кўрганидаги қўрқув, ўлим даҳшатини ҳис этиш, шу билан бирга, инсон дийдасининг аста-секин қотиши тасвирланса, ғалабага эришиш осон бўлмагани янада ойдинлашар, ўғлонларимизнинг Ватанни ёвлардан ҳимоя қилишдаги жасорати ва қаҳрамонлиги ҳайбати бундан-да ортар эди.

Сценарийга томган... кўзёшлар
Фильм тугагач, унинг сценарий муаллифларидан бири Зулфия Юнусовани суҳбатга тортдик.

— Ўзим онаман, — дея сўз бошлади Зулфия опа, — менинг ҳам ўғилларим бор. Она учун эса фарзанд доғидан кўра улкан дард йўқ. Айниқса, кипригинг билан авайлаб ўстирган чинордек ўғлинг ўққа учиб, бир лаҳзада умр чироғи ўчса... Бунинг нақадар аламли эканини фильм сценарийсини ёзиш чоғида янада чуқур англадим.

Очиғи, киносценарийни ёзиш фикри менда кўп йиллар муқаддам — ўзим айни пайтда ҳам фаолият олиб бораётган “Ватанпарвар” таҳририятида 2000 йилнинг августида ёвга қарши жангларда ҳалок бўлган дилбандларимиз ҳақида очерклар ёзиб юрган пайтимда туғилган. Қаранг, ўша воқеаларга ҳам ўн саккиз йил бўлибди. “Бугунги авлод уларнинг қаҳрамонликларини эслайдими? Биз ўша долғали даврда тинчлигимиз, чегараларимизнинг дахлсизлиги учун ҳаётини қурбон қилганлар хотирасини жойига қўя оляпмизми?” деган савол менга тинчлик бермас эди. Ана шу савол қўлимга қалам олишга ундади. Майор Аҳрор Очиловнинг кўмагида сўраб-суриштириб, Сурхондарёдаги урушда ҳарбий командир бўлган полковник Абдуллаев деган инсонни топдим. Уларнинг ёрдами билан бутун республикани кезиб, ўша урушга гувоҳ бўлган аскарлар, жангларда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, яқинлари билан учрашдим. Аллақачон кексайиб, қадди чўккан оналарнинг кўзидаги мунг, етим қолган фарзандларнинг нигоҳидаги алам, тул қолган аёлларнинг унсиз оҳларига гувоҳ бўлдим. Ҳар бир ҳикоя, ҳар битта деталь юрагимдан худди ўзимнинг дардим, ўзимнинг қисматим каби ўтди. Аста-секин киносценарийни қоғозга тушира бошладим...

— Ёзиш осон бўлмагандир? — савол берамиз опага.

— Ишонасизми, айрим саҳналарни бир ўтиришда охирига қадар ёзолмаганман, — дейди Зулфия опа. — Айниқса, қаҳрамонларим ўққа учиб, ўлим билан олишиб турган чоғда ўзимни йиғидан тўхтатолмаган, ёзишни ташлаб қўйган пайтим кўп бўлган. Баъзан сценарийни қайта ишлаш мақсадида бир бошдан ўқирканман, кўзёшларимни тиёлмасдим. Аммо аскарларимиз хотирасини абадийлаштиришдек бурч мени яна ишлашга, қўлимга қалам олишга мажбур қиларди.

Бугун саҳнага чиқиб, томошабинлар олқишини эшитарканман, анча йиллардан бери елкамдан босиб турган оғир ва залворли юкдан халос бўлганимни, марҳум аскарларимизнинг пок руҳи, уларнинг оналари, яқинлари олдидаги қарзимни уза олганимни ҳис қилдим.

Сўнгсўз ўрнида
Тагсарлавҳани “Ҳилол Насимовдан кутилган ва кутилмаган фильм” дея бежиз атамадим. Кутилгани шуки, кинорежиссёр яна ўша — диний мутаассиблик, муқаддас динимизни ўзларининг манфур мақсадларини амалга ошириш йўлида ниқобга айлантириб олганлар, уларнинг мамлакатимиз тараққиётига болта уришга бўлган уринишлари ва ҳарбий-ватанпарварлик мавзусига қўл урган. Кутилмагани эса...

Кутилмагани иккита: биринчи омил, бу гал дин мавзусига ёндашишда эҳтиёткорона йўл тутгани, муқаддас динимизни ҳам ёмонотлиқ қилиб қўймасликка урингани ва буни маҳорат билан бажара олганидир. Иккинчи муҳим омил эса асарда драматургиянинг кучлилигида, боғланишлар, конфликтнинг юзага келиши ва ечимнинг соддалиги, ҳамма учун тушунарли эканида. Қолаверса, операторлик иши ҳамда монтажнинг ўша биз билган Голливуд ёки болливудчилардан қолишмайдиган тарзда амалга оширилгани ҳам шахсан мен учун кутилмаган бўлди.

Тақдимот чоғида киносаройида айнан графика ва операторлик ишидаги моҳирона топилмалар боис бир неча маротаба кучли қарсаклар янгради. Демак, буни биргина мен эмас, бошқалар ҳам кутишмаган экан.

“Дастлабки тасаввур алдамчи бўлади”, дейишади. Бу гап нечоғли тўғри экан, билмадим. Аммо мен фильмни бир ярим соат мобайнида — одам кўплигидан ўтиришга жой ҳам қолмаганлиги туфайли — оёқда тик туриб томоша қилган бўлсам-да, ундан яхшигина таъсирландим, ҳам ижодкор, ҳам мутахассис сифатида кўплаб ютуқларни кўра олдим. Камчиликсиз инсон бўлмагани каби биронта ҳам хатога йўл қўйилмаган фильмни топиш қийин. Бу кинокартинада ҳам ана шундай хатолар бордир, бироқ дастлабки ёқимли таассуротнинг кучида уларни кўролмаган ёхуд онгостида кўришни истамаган бўлишим мумкин. Тўғри, жузъий камчиликлар бор ва уларни юқорида билдириб ўтдим.

Хулоса ўрнида эса бир фикрни таъкидламоқчиман: ўзбек кинематографияси кун сайин ўсиб, улғайиб бормоқда. Мана шу ўсиш, мана шу улғайиш бардавом бўлаверсин!

Дарвоқе, фильм қандай якунлангани, Ҳаётнинг никоҳ тўйига кимлар келиб, кимлар келмаганини эса айтиб ўтирмайман. Яхшиси, ўзингиз томоша қилинг. Ачинмайсиз.
Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ,
санъатшунос.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?