Ўзбекистон термаси 12 турда 12 та ғалаба қайд этиб, плей-оффга йўл олди

10:17 15 Июнь 2025 Спорт
186 0

Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида рапид ва блиц йўналишлари бўйича жамоавий Жаҳон чемпионати давом этмоқда. Дунёдаги 55 жамоа иштирок этаётган мусобақада кеча блиц баҳслари бошланди. Кучли таркиб билан беллашаётган Ўзбекистон терма жамоаси саралаш босқичида 12 та учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, 24 очко билан «C» гуруҳи ғолибига айланди.

Бу босқичда фақатгина «WR Chess Team» жамоаси ҳам 100 фоизлик натижани қайд этишга муваффақ бўлди. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши 4 та жамоа плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди. Ўзбекистон термаси 1/8 финалда «D» гуруҳида 4-ўринни эгаллаган Қозоғистоннинг «Barys.kz» жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Шунингдек, «A» гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган «WR Chess Team» жамоаси «B» гуруҳининг тўртинчи жамоаси — «Malcolm’s Mates»га қарши чорак финал йўлланмаси учун дона суради. Қолган жуфтликлар орасида «Hetman GKS Katowice» – «Germany and Friends», «Team MGD1» – «Generation XYZA», «Knight Dance» – «Hexamind Chess Team», «Freedom» – «FIDE MB Team», «Rookies» – «KazChess» ҳамда «Theme International Trading» – «Ashdod Elit Chess Club» жамоалари ўзаро беллашади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жамоавий Жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 500 минг еврони ташкил этади. Шундан рапид йўналиши учун 310 минг евро, блиц йўналиши учун эса 190 минг евро ажратилган. Рапид баҳсларида Ўзбекистон термаси қўшимча кўрсаткичлар натижасига кўра совринли ўринлардан четда қолди. Бироқ тўртинчи ўринни эгаллаган жамоамиз 30 минг евро миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?