Олтиариқлик марҳум ижодкорлар оилаларига давлат мукофотлари топширилди
Маълумки, мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрами арафасида Президентимизнинг “Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.
Мукофотланганлар орасида фарғоналик ижодкор ва санъаткорлар ҳам бор. Куни кеча уларнинг оила аъзоларига давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, ёзувчи ва шоирлар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон хонадонига ташриф буюрилиб, Президент Фармони ўқиб эшиттирилди. Шоирнинг турмуш ўртоғи Кароматхон Обиджоновага серқирра ижодкор номига берилган “Меҳнат шуҳрати” ордени топширилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Маъмиржон Тўхтасинов хонадонида марҳум санъаткорнинг турмуш ўртоғи Қимматхон Тўхтасиновага “Фидокорона хизматлари учун” ордени, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Охунжон Мадалиев хонадонида “Меҳнат шуҳрати” ордени унинг турмуш ўртоғи Ҳабиба Мадалиевага тақдим этилди.
Тадбирлар давомида ижодкорларнинг адабиёт ва санъатни ривожлантиришдаги беқиёс ҳиссаси юксак эътироф этилиб, уларнинг оила аъзоларига Президентнинг самимий саломи етказилди.
— Давлатимиз раҳбарининг бундай эътирофи хонадонимизга байрамона кайфият бахш этди, — дейди Кароматхон ая Обиджонова. — Шу муносабат билан фарзанд ва набиралар, қариндошлар, маҳалладошлар жам бўлиб, халқимизнинг севимли ижодкори Анвар Обиджон хотираси ёдга олинди.
Айни пайтда у киши яшаб ўтган қадрдон кўчага Анвар Обиджон номи берилган бўлиб, биргина ана шу жиҳатнинг ўзи ҳам олтиариқликларнинг ардоқли ижодкорига ҳурмат ва эҳтироми рамзидир.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг