“Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Наманган шаҳри Янги Наманган туманига қарашли Гулистон маҳалласи кўпчиликка яхши таниш. Бу ерда аҳолининг асосий қисмини лўлилар ташкил этади. Бугун уларнинг нуфуси 4095 нафар. Сир эмаски, лўли деганда фақат тиланчилик қиладиган ёки эски-туски нарсаларни йиғиб юрадиган одамлар кўпчилигимизнинг кўз олдимизга келади. Аслида ҳам шундайми?.. Умуман улар бугун қандай яшамоқда? Ана шундай қизиқиш билан таҳририятимизнинг ижодий жамоаси Наманган вилоятига сафари чоғида улар қўним топган маҳаллага объектив нигоҳини қаратди.
Маҳалланинг асосий драйвери иккиламчи хомашёни қайта ишлаш. Бу йўналишда 150 дан ортиқ хонадон тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Одамлар ўртасида ишбилармонлик кайфияти юқори, ўзини таъминлаш, оиласига даромад келтиришга шашти баланд.
Инфратузилма – таълим, спорт ва хизмат кўрсатиш маркази бўйича ҳам қисқача тўхталсак: маҳаллада 39-умумтаълим мактаби, 35-мактабгача таълим муассасаси, 30 га яқин савдо шохобчаси, оғир атлетикага мослашган спорт зали, шунингдек, 2 та тикув цехи фаолият юритмоқда. Бу инфратузилма аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун қулай шароит яратади.
Охирги пайтларда маҳалла ёшлари орасида таълимга бўлган қизиқиш ортгани қувонарли ҳол. Жорий йилнинг ўзида 7 нафар ёш олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Улар орасида Моҳира Содиқованинг 7,5 баллик IELTS натижаси барчага ўрнак бўлмоқда. У бугун Наманган давлат университети талабаси. Умуман, ҳозирда маҳалланинг 15 нафар ёшлари турли йўналишларда олий таълим олмоқда.
Спорт соҳаси ҳам ортда қолмаяпти. Шавкат Шарипов, Бекмурод Холдоров каби ёшлар спорт бўйича таълим олиш билан бирга республика мусобақаларида иштирок этиб келмоқда. Маҳаллада май-тай, қўл жанги, бокс каби йўналишларда 10 нафардан зиёд ёш спортчилар етишиб чиққан. Бу эса гулистонлик ёшларининг иродаси, меҳнати ва катта мақсадларга интилиши борлигини кўрсатади.
Шу маҳаллада ўсиб-улғайган ва бугун кўпчиликка ўрнак бўлаётган, Наманганни фахрига айланган инсонлардан бири Усмон Асқаралиев. У «Навбаҳор» футбол клубида тўп сурган, мактаб директори, маҳалла раиси, уч бора маҳаллий кенгаш депутати бўлган. Бундан ташқари, Усмон Асқаралиев мамлакатимизнинг 8 жамоасига мураббий сифатида фаолият олиб борган. Айни пайтда 70 билан юзлашган тажрибали мутахассис ҳамон футбол билан ҳамнафас. У «Навбаҳор» ёшлар жамоаси мураббийи сифатида янги авлод спортчиларини тарбияламоқда. Асқаралиевнинг фаолияти нафақат маҳалла, балки вилоят, республика ёшлари учун ҳам илҳом, ҳам мотивация манбаи.
Унинг фарзанди Санжар Асқаралиев болалигиданоқ отаси йўлини давом эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Унинг футболга бўлган меҳри ҳам ана шу муҳитда шаклланган. У 6-7 ёшлариданоқ ҳаётини футбол билан боғлади. Унинг илк қадамлари маҳалла майдончасидан бошланиб, катта стадионларгача етди. Профессионал футболчи сифатида «Навбаҳор», «Андижон», «Нефтчи» ва «Истиқлол» клубларининг шарафини ҳимоя қилди. Футболдаги фаол ҳаёти 2018 йилда якунланган бўлсада, у спортни тарк этмади. Аксинча, ўз тажрибаси ва билимларини ёш авлодга улашишни мақсад қилди. 2019 йилдан буён Санжар Асқаралиев Наманган вилояти футбол мактаби директори сифатида фаолият юритиб, янги истеъдодларни кашф этиб, уларни профессионал футболга тайёрлаш йўлида меҳнат қилмоқда.
Гулистон маҳалласи ҳақида «ўзгаришлар манзили» десак, муболаға бўлмайди. Бу ердаги аҳоли, айниқса лўлилар, жамиятда ўз ўрнини топиш, билимли, фаол ва замонавий бўлиш йўлида қадам ташламоқда. Тадбиркорлик ривожланмоқда, таълимга интилиш кучаймоқда, спорт бўйича ютуқлар ортмоқда.
Фазлиддин Абилов, Улуғбек Рўзиматов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг