«Ватанпарвар» ташкилотида техник касб мутахассисларини тайёрлаш бўйича замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди

16:35 01 Декабрь 2025 Жамият
172 0

28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ташаббуси билан «Ватанпарвар» ташкилотида техник касб мутахассисларини тайёрлаш жараёнига замонавий ёндашувлар ва тенденциялар» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади — «Ватанпарвар» ташкилоти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида фуқароларни меҳнат бозорида юқори талабга эга касбларга ўқитиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, техник йўналишдаги таълим самарадорлигини ошириш ва қўшимча чора-тадбирларни белгилаб олишдан иборат.

Конференция ташкилотнинг 34 йиллиги муносабати билан ўтказилди. Тадбирда Миграция агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, «GM Oʻzbekiston», «SAMIST AUTO» МЧЖ Қўшма корхонаси, «Swift Road Academy» МЧЖ каби ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

«Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров конференцияни очиб берар экан, аҳолининг бандлигини таъминлашда касб-ҳунар ўқитишининг аҳамиятига тўхталиб ўтди. У ташкилот томонидан йўлга қўйилган янги тизимлар ва ўқув жараёнларидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Жумладан, илгари «Ватанпарвар» ташкилоти тасарруфидаги ўқув муассасаларда автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида турли тоифаларда ҳайдовчилар тайёрлаб келинган бўлса, ушбу тизим қайта кўриб чиқилиб, ташкилот базасида фуқароларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган яна қўшимча 10 хил касбларга ўқитишга доир механизм йўлга қўйилди.

«Техник хизмат кўрсатиш мутахассисларини тайёрлаш курслари» ташкил этилиб, унда фуқаролар 5 хил касбга – вулканизаторчи, газ-электр пайвандчи, авточилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитила бошланди.

Шунингдек, «Мураккаб техникаларни бошқариш мутахассисларини тайёрлаш курслари»да юк ортувчи транспорт воситалари, автогидро подъёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор каби техникаларни бошқариш бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, «Ватанпарвар» ташкилоти мамлакат аҳолисининг иш билан банд бўлмаган вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга жамиятда ўз ўринларини топишга кўмаклашиш мақсадида, ўз фаолиятидаги янгича тизимни жорий этди.

«Ватанпарвар» ташкилоти тизимида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ва «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандларини техник касбларга имтиёз асосида ўқитиш йўлга қўйилди.

Ҳар йили ўртача 100–150 минг нафар фуқаро ҳайдовчилик курсларида таҳсил олмоқда. Миграция агентлиги билан ҳамкорликда эса 200 дан ортиқ ўзбекистонлик фуқаролар ҳайдовчилик касбига ўқитилиб, вақтинча ишлаш учун Европа давлатларига юборилди.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг ўзида аҳолига ҳайдовчилик бўйича сифатли таълим бериш мақсадида, «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларига 600 дан ортиқ янги замонавий енгил ва юк автомобиллари харид қилинди.

Тадбир давомида иштирокчи ташкилот вакиллари ўз тизимларида ёшларга касб ўргатиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд тажрибалар ва ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этди. Маърузачилар иш самарадорлигини ошириш бўйича таклифларини илгари сурди.

Конференция доирасида «Ватанпарвар» ўқув муассасаларининг моддий-техник базаси билан танишув ташкил этилди. Автомототранспорт ҳайдовчилари, техник хизмат кўрсатиш мутахассислари ва мураккаб техникалар бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича яратилган шароитлар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, автокросс, мотокросс, картинг, дуатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш, ракета-модель, авиамодель, кема-модель каби техник-амалий спорт турлари бўйича фаолият юритаётган тўгаракларнинг кўргазмалари намойиш қилинди.

Тадбир якунида «Ватанпарвар» ташкилоти ҳамда вазирлик ва идоралар ўртасида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, оммавий техник касбларга ўқитиш тизимини янада ривожлантириш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер