Мўйноқлик мактаб очган муаллима

19:01 17 Июнь 2025 Жамият
126 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги «Қаражар» қишлоғида Тошкентбай, Махсетбай, Еркинбайдан кейин бир қизалоқ дунёга келади. Отаси Ешан бундан хурсанд бўлиб, элга ош беради. Онаси Анийпа опа нега ўғиллари эмас, қиз фарзанди туғилганида тўй қилаяпсиз, деб сўрганда отаси уч ўғлим бир тўбе, бир қиз бир тўбе яъни, учта ўғлим бир томон, битта қизим бир томон, деб жавоб беради. Довруқ билан дунёга келган ўша қизалоқ Зулфия Турдимуратова бўлиб танилгунча қанча машаққатларни босиб ўтади. Биринчи синф ўқитувчиси Раҳима Жиямуратовага ҳавас қилиб, муаллимлик касбини танлайди.

Қорақалпоқ давлат университетида қорақалпоқ тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олган муаллима олим маълумотли бўлиб овулига қайтади. Дастлаб ўзи туғилиб ўсган қишлоқдаги мактабда юқори синф ўқувчиларига дарс беради. 1998 йил Мўйноқ туманидан 30 километр олисдаги «Жалғиз терек» қишлоғи аҳолиси бошланғич синф ўқувчиларига дарс беришини илтимос қилишади. Қишлоқда ўтган асрларда қурилган мактаб бўлиб, кейин бузиб ташланган, янгисини қуриш учун ўқувчилар сони етарли эмас, деб топилганди. Бу ерлик ўғил-қизлар ўз қишлоғидан қарийб тўққиз километр узоқликда жойлашган 9-мактабга бориб ўқишга мажбур бўладилар. Узоқ йўл мактаб ўқувчиларидан қўшимча вақт ва куч талаб қилар, айниқса, қуйи синф болалари учун у ерга бориш қийин эди. Ўқитувчи Зулфия Турдимуратова болалардан хавотирга тушиб, ҳашар йўли билан ихчамгина бир хонали бўлса ҳам мактаб қуриш ҳаракатига тушади. Олдинига қамишдан мактаб қуриб, болаларни ўқитишни бошлайди. Мактаб битта хонадан иборат, қамишдан тиклангани учун на пол, на стол, стул бор эди. Муаллима ҳар куни эрталаб линолеумни ювиб, печкага ўтин ёқарди. Тушгача синф хонасини иситиб, болалар келишига тайёрларди. Тушдан кечгача дарс ўтади. Бошланғич синфдаги 4 та синфга бир хонада дарс беришга тўғри келганда ҳам қийинчиликларга бўйин эгмайди. Бир вақтнинг ўзида 1-синфларга ҳарф ўргатиб, 4-синфларга ёзма иш ёздирган муаллиманинг касбига садоқати ва шижоатини овулдагилар ҳар доим қадрлаган. Аммо қамишдан қурилган мактаби узоққа бормасдан бузилганида овулдаги болаларнинг таълимини ўйлаб тунларни тонгларга улайди. Ҳар якшанба устозидан хабар олгани келган ўқувчилари ҳам ундан бирор имдод кутади. Уларнинг ўқишга бўлган чанқоқлиги ва кўзидаги эртанги кунга бўлган умид Зулфия опага янада куч бағишлади. Қишлоғида қуйи синф ўқувчилари учун синфхона қуриш ҳаракатига тушди. Турмуш ўртоғи бу ғояни қўллаб-қувватлади. Эр-хотин бор чорвасини сотиб, банкдан кредит олади. Қурувчиларни ёллаб, мактаб биносини қуришни бошладилар.

— Дастлаб кредит олиш ниятимиз бўлмаган, ўз маблағимизга қуришга киришдик, — дейди маърифатпарвар муаллима. — Мактаб қуриш осон иш эмас, биносини битиргунча оғилхонадаги қўй-эчкиларимизгача сотдик. Улар ҳам тугагач, кредит олишга мажбур бўлдик. У пайтлар кредит олишни ҳам ўзи бўлмасди, ойлик маошим етмагани учун кредит тўлашга қобилияти йўқ, деб топилди. Кейин кафил излаб, кўп овора бўлдим. Бир куни уйимизга меҳмонга келган Маржон опадан кредит олишимга ёрдам беришини сўраб илтимос қилдим. У кафил бўлгач, шу заҳотиёқ туман халқ таълими бўлимига бордим. 2011 йилда шу кредит эвазига мактаб қурилди. Болажонларимиз яна ўз қишлоғида бошланғич таълимни олиш имконига эгалигидан хурсанд бўлдим.

Янги мактаб қурилгач, Зулфия опадан бошқа фидойи ўқитувчи топилмади. Бир вақтнинг ўзида бошланғич синфларга 26 соат дарсни битта ўзи берди. Мактабда нима юмуш бўлса — полларни ювишми, синф хоналарини жиҳозлаш ёки печкага ўтин ёқишми ҳаммасини қилаверди. Оиласи ҳам, фарзандлари тарбиясига ҳам, маҳалла-куйнинг тўю маъракаларига боришга ҳам улгурди.

— Бугун ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитларга ҳавасим келади. Улар интернет орқали замонавий методик қўлланмалар билан танишиш имкониятига эга, — дейди заҳматкаш муаллима Зулфия опа. — Илгари бирон масалага жавоб топиш учун бир неча китобларни ахтаришга тўғри келган. Кўпинча ижтимоий тармоқларда ўз ўқувчилари билан талашган ёки улардан ранжиган педагогларни кўраман. Ёш ҳамкасбларимга улар ҳали ниҳол, ширин сўз билан кўнглига йўл топинг, билим беринг, ўз ишингиз билан намуна бўлинг, дегим келади.

Зулфия опа денгиз кўрган халқнинг қизи. Феълида ҳам мўйноқликларга хос бўрон турганда тўлқинларни жўштирадиган кўтарилиш, шамол тингач сокинлашиш одати бор. Отаси унга акаларига ўргатган барча ишларни ўргатган.

— Янги келин бўлиб тушган пайтларимда уйимизга меҳмон келди. Ўн километр олисдаги дўконга бориб келиш керак бўлди, — дейди Зулфия Турдимуратова. — Шунда мототциклни бир тепиб ўт олдириб, қайнсинглимни орқасига ўтқазиб ҳайдадим. Бу қишлоқдагилар янги тушган келинчаклар боғлайдиган рўмолда мототцикл миниб кетаётган келинчакни кўриб ҳайрон бўлишган. Кейин билсам, у қишлоқдагилар мототцикл минган аёл кўрмаган экан. Болалигимдан отамдан мототцикл бошқариш, ҳатто милтиқдан ўқ отишни ҳам ўрганганман.

Мўйноқлик оддий муаллима мактаб қуриш учун олган кредитини ўз маошидан ойма-ой тўлаб борди. Халқнинг болаларини билимли қилиш учун ўз даромадидан воз кечиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу давлатнинг иши дегувчилар кўп. Аммо Зулфия опа Ватан менга нима бердимас, мен Ватанга нима бердим, деб яшайди. Шунинг учун ҳам муаллиманинг камтарона меҳнати Президентимиз томонидан «Соғлом авлод» учун иккинчи даражали ордени билан тақдирланди. Ҳозирда ўндан ортиқ неваралар кўриб, фарзандлар ардоғида яшаб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер