«Маърифат карвони» тадбирлари доирасида республика илмий-амалий семинари ўтказилмоқда

«Тамаддун, маданият ва маърифат» мавзусида Республика бўйлаб ўтказилаётган «Маърифат карвони» илмий-маърифий тарғибот тадбирлари доирасида навбатдаги муҳим қадам сифатида республика миқёсидаги илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда Ўзбекистон олимлари, илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим ташкилотлари ва қатор соҳа вакиллари иштирок этдилар. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларини бойитиш ва такомиллаштириш бўйича фикр ва таклифларни ўрганиш, долзарб илмий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ўтказилди.
Маълумки, жорий йилнинг 11 март куни мазкур марказ экспозицияларини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда бир қатор вазифалар белгиланган ва уларни амалга ошириш юзасидан махсус «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган эди.
Шунингдек, семинарда ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг юртимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма асарларини аниқлаш, ўрганиш, уларни тўплаш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича аниқ йўналиш ва вазифалар муҳокама қилинди. Бу борада «Цивилизациялар – шахслар – кашфиётлар» концепцияси асосида 5 та бўлим ва 9 та йўналишни қамраб олган 800 дан ортиқ илмий-инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилгани, улар бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилгани қайд этилди.
Ҳозирда 2000 дан зиёд маҳаллий ва хорижий олимлар, рассомлар, дизайнерлар, ҳунармандлар ҳамда бошқа соҳалар мутахассислари ушбу йирик лойиҳалар атрофида бирлашган бўлиб, улар томонидан ишлаб чиқилган техник топшириқлар муҳокамадан ўтказилди ва энг маъқулланган таклифлар асосида шартномаларни имзолаш жараёни бошланди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон оламидаги энг йирик илмий-маърифий ва маданий мегалойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу марказнинг асосий мақсади — бебаҳо маънавий меросимизни асраб-авайлаш, уни илмий жиҳатдан ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш, тарихий хотирани тиклаш, интеллектуал салоҳиятни бойитиш ва бу асосда ёш авлодни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг