«Манчестер Сити»дан ғалаба, «Челси»дан дуранг

10:26 21 Декабрь 2025 Спорт
245 0

Англия Премьер-лигасида 17-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасида ўрин олган муҳим баҳсларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

«Манчестер Сити»дан йирик ғалаба

Пеп Гвардиола шогирдлари сўнгги пайтларда натижалар борасида анча барқарорликка эришмоқда. Жамоа сўнгги 6 та ўйинда ғалаба қозониб келаётган эди. Бу гал ҳам худди шундай бўлди.

Ўйин олдидан «шаҳарликлар» таркибида қатор йўқотишлар мавжуд эди. Жумладан, Матео Ковачич, Жон Стоунс, Жереми Доку ва Родри жароҳати сабаб ўйинни ўтказиб юборишди. Омар Мармуш ҳамда Райан Нури эса Африка миллатлар кубогида иштирок этиш учун ўз терма жамоалари ихтиёрига жўнаб кетишди.

Учрашувда ҳисоб 5-дақиқада мезбонлар томонидан очилди. Ушбу голга Эрлинг Ҳоланд муаллифлик қилди. 38-дақиқада ҳисобдаги фарқ иккитага етказилди — бу гал гол Рейндерс ҳисобига ёзилди. Биринчи бўлим 2:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 69-дақиқасида баҳсдаги сўнгги гол киритилди. Бу гал ҳам муваффақиятли зарба Эрлинг Ҳоланд ҳисобига тўғри келди. Шу тариқа учрашув 3:0 ҳисобида якунланди. Ушбу ғалабадан сўнг «Манчестер Сити» вақтинча АПЛ жадвалида пешқадамга айланиб олди.

«Манчестер Сити» — «Вест Ҳэм» 3:0

Голлар: Ҳоланд (5, 69), Рейндерс (38).

«Манчестер Сити»: Доннарумма, Нунеш, Диаш, Гвардиол, ОʼРайли, Силва (Мукаса, 75), Нико (Ҳусанов, 67), Рейндерс (Люис, 67), Шерки (Савинио, 67), Фоден, Ҳоланд.

«Вест Ҳэм»: Ареола, Уокер-Питерс, Килман, Тодибо, Фернандеш (Родригес, 79), Поттс (Уилсон, 79), Магасса, Скарлз (Майерс, 64), Пакета (Соучек, 78), Саммервилл (Мавропанос, 79), Боуэн.

Огоҳлантиришлар: Нико (28), Боуэн (41).

«Челси»дан навбатдаги дуранг

Мареска бошчилигидаги «Челси» жамоаси сўнгги ўйинларда омадсизликка дуч келмоқда. Бу гал Лондон клуби Англия шарафини Европа чемпионлар лигасида ҳимоя қилаётган жамоалардан бири — «Ньюкасл» майдонига сафар қилди.

Ўйин олдидан ҳар икки жамоада ҳам жиддий йўқотишлар бор эди. Жумладан, «Ньюкасл»нинг ҳимоя чизиғида катта муаммолар кузатилди. Ушбу баҳсда «қалдирғочлар»га Киран Триппьер, Дан Бёрн, Эмил Крафт, Валентино Ливраменто ёрдам бера олишмади.

«Челси» таркибида эса Лиам Делап, Ромео Лавия, Эстевао ҳамда Леви Колвилл ушбу ўйинда майдонга тушишмади.

Баҳсда ҳисоб 4-дақиқада мезбонлар томонидан очилди. Ник Волтмаде ўйинда илк гол муаллифи бўлди. 20-дақиқада эса у ўзи ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим шу ҳисобда якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 49-дақиқасида Рис Жеймс ҳисобдаги фарқни қисқартирди. 66-дақиқада эса «Челси» футболчиси Жоау Педро ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа ўйин 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.

«Ньюкасл» — «Челси» 2:2

Голлар: Волтмаде (4, 20) — Жеймс (49), Педро (66).

«Ньюкасл»: Рамсдейл, Милей, Шер, Тиау, Ҳолл, Тонали, Бруно, Рамсей (Уиллок, 89), Мёрфи (Эланга, 73), Волтмаде (Висса, 73), Гордон (Барнс, 72).

«Челси»: Санчес, Густо (Фернандес, 55), Чалоба, Фофана, Кукурелла, Кайседо, Жеймс, Нету, Палмер (Сантос, 80), Гарначо, Педро.

Огоҳлантиришлар: Шер (61), Висса (77), Ҳолл (86) — Санчес (7), Гарначо (27), Густо (45), Кайседо (70), Сантос (82), Педро (83).

«Арсенал»дан қийин ғалаба

“Арсенал» клуби учун мавсум омадли бўлмоқда. Микел Артета жамоаси “boxing day“гача бўлган муддатни жуда яхши ўтказди.

Бу турда жамоа Ливерпуль шаҳрида «Эвертон» клуби меҳмони бўлди. Учрашув 1:0 ҳисобида «лондонликлар»нинг ғалабаси билан якунланди.

Ўйинда киритилган ягона голга 27-дақиқада Гокереш муаллифлик қилди. Шу тариқа «Арсенал» АПЛ турнир жадвалида 1-ўринга қайтди.

«Эвертон» — «Арсенал» 0:1

Гол: Гокереш (27, пеналти)

«Эвертон» — Пикфорд, Алкараз (Рол, 75), Барри (Бету, 66), Айрогбунам, Гарнер, Грилиш, Кин, Макнил (Диблинг, 75), Миколенко, ОъБрайен, Тарковски.

«Арсенал» — Райя, Салиба, Тимбер, Калафиори, Ҳинкапи, Райс, Субименди, Эдегор (Мерино, 88), Сака, Троссар (Мартинелли, 80), Гокереш (Жезус, 65).

Огоҳлантиришлар: Миколенко (26), Тарковски (39), Гокереш (56), Мартинелли (89).

«Ливерпуль» Лондондан ғалаба билан қайтди

Арне Слот бошчилигидаги «Ливерпуль» сўнгги ўйинларни стабил ўтказмоқда. Жамоа сўнгги 5 та ўйинини 3 тасида ғалаба қозонди ва 2 тасида дуранг ўйнади. Жамоа бу галги баҳсни ҳам ғалаба билан якунлади.

Лондонда «Тоттенҳам»га қарши ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Таймдаги энг эсда қоларли вазият Лондон клуби ҳимоячиси Хави Симонсга қизил карточка кўрсатилгани бўлди.

Иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида Александр Исак ҳисобни очди. 10 дақиқа ўтиб, Ҳуго Экитике ҳисобдаги фарқни 2 тага етказди. 83-дақиқада Ришарлисон ҳисобдаги фарқни 1 тага қисқартирди.

«Тоттенҳэм» — «Ливерпуль» 1:2

Голлар: Ришарлисон (83) — Исак (56), Экитике (66).

«Тоттенҳэм» — Викарио, Ромеро, ван де Вен, Спенс, Порро, Грей (Палиня, 71), Бентанкур, Бергвалл (Одобер, 71), Қуддус (Жонсон, 58), Симонс, Коло-Муани (Ришарлисон, 80).

«Ливерпуль» — Алиссон, ван Дейк, Конате, Брэдли (Исак 46, Фримпонг 60, Кеза 90), Керкез, Собослаи, Гравенберҳ, Жонс, Мак Аллистер, Виртц (Ниони, 90+9), Экитике (Робертсон, 90+9).

Огоҳлантиришлар: Ромеро (66), Конате (77), Собослаи (83), ван де Вен (85), Бентанкур (90+5), Мак Аллистер (90+8), Ришарлисон (ўйиндан сўнг).

Четлатишлар: Симонс (33), Ромеро (90+3)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер