Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади

16:34 10 Декабрь 2025 Ҳужжатлар
185 0

Иллюстратив фото

Бугун, 10 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПФ–246-сон] Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, қуйидагилар 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди, жумладан:

• ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;

• савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пульсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.

2026 йил 1 апрелдан қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:

• давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;

• электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;

• алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;

• транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;

• қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;

• кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.

Ҳужжат билан, шунингдек, 2026 йил 1 январгача барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий қилинади.

2026 йил 1 январдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади.

Бунда 2026 йил 1 июлдан:

• барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланади;

• ягона QR кодлардан фойдаланилмаётганлиги савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

2026 йил 1 январдан 1 та ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил турдаги товарларга мувофиқлик ва экологик сертификат 1 йилдан ошмаган муддатга 1 маротаба берилади.

2026 йил 1 мартдан солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш тажриба-синов тариқасида жорий этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер