Конфликтли вазиятларда ва ўз жонига қасд қилишга мойил шахслар билан қандай ишлаш лозим?

20:52 24 Декабрь 2021 Жамият
748 0

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда «Конфликтли вазиятларда оилавий зўравонлик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш профилактикаси» мавзуида ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.

Тадбирда Бош прокурорнинг ўринбосари Светлана Артикова модераторлик қилди.

Унда конфликтли вазиятларда оилавий зўравонлик ва ўз жонига қасд қилиш хатти-ҳаракатларининг олдини олиш, зўравонлик қурбонлари, шунингдек, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган шахслар, зўравонлик содир этган агрессорлар билан ишлашнинг ижтимоий-психологик жиҳатлари, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорлик лойиҳасининг Ўзбекистондаги менежери, суд, прокуратура, адлия, ички ишлар органлари, таълим тизими, фуқаролик жамияти институти ходимлари ҳамда психолог мутахассислар иштирок этишди.

Сўзга чиққан «Азизам психология клуби» раҳбари Азиза Тошхўжаева эркак ва аёллар психологиясининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталар экан, агрессорнинг зўравонлик содир этишга қаратилган хатти-ҳаракатларини олдиндан башорат қилиш, уни олдини олиш чора ва усуллари қўллаш амалиёти билан ўртоқлашди.

Урганч давлат университети тадқиқотчиси Машҳура Султонова оилавий зўравонлик қурбонлари, шунингдек, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган шахслар билан ишлашнинг ижтимоий-психологик жиҳатларига тўхталди.

БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорлик лойиҳасининг Ўзбекистондаги менежери Дилфуза Абулхасан куни кеча Марказий Осиё давлатлари иштирокида ўтказилган конференцияда Ўзбекистон тажрибаси ижобий баҳоланганлиги ва уни ўрганиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланганлигини қайд этди.

Бу борадаги ишлар жадал олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?