Халқаро ҳамжамият Сурияни қайта тиклаш учун қарийб 6 миллиард евро ажратади

13:14 18 Март 2025 Дунё
206 0

Ўн тўрт йиллик фуқаролар уруши даврида Сурия иқтисодиёти таназзулга юз тутди. Шу сабабли Халқаро ҳамжамият мамлакатни тиклаш учун 5,8 миллиард евро пул ажратади, деб хабар бермоқда «Al Jazeera» нашри.

Унга кўра, Ғарб давлатлари Брюсселда фуқаролар урушидан кейин мамлакатни қайта тиклашга ёрдам беришга қаратилган анжуманда иштирок этишди.

Брюсселда бўлиб ўтган мазкур конференциясида Еврокомиссия раиси ўринбосари Дубравка Шуйца Сурияни қайта тиклаш учун қарийб 6 миллиард евро маблағ ажратилишини маълум қилган.

«Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият Сурияни тиклаш учун 5,8 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам ажратишга келишиб олди. Ушбу маблағнинг 4,2 миллиард евроси грант сифатида берилади. 1,6 миллиард евро эса кредит шаклида ажратилади», — дейди Шуйца.

Бундан ташқари, анжуман давомида Европа Иттифоқининг ўзи Сурияга 2,5 миллиард евро миқдорида ёрдам беришга ваъда берган.

«Сурияликлар хорижда бўладими ёки уйга қайтишга қарор қиладими, кўпроқ қўллаб-қувватлашга муҳтож ва шу сабабли бугун Европа Иттифоқи мамлакатдаги ва минтақадаги сурияликлар учун 2,5 миллиард евро ажратади», — дейди Европа комиссияси раҳбари Урсула Леен.

Шунингдек, Германия ҳам Сурия аҳолиси ҳамда уруш вақтида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион евро ажратишини маълум қилди.

«Суриянинг келажаги яхши бўлиши учун мамлакатда барқарор сиёсий жараёнлар бўлиши керак», — дея нутқини якунлаган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.

БМТ Лойиҳалар хизмати бошқармаси раҳбари Хорхе Морейра да Силва Суриядаги энг муаммоли соҳалар энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим, ичимлик суви таъминоти ҳамда транспорт тизимларига тўғри келишини айтиб ўтди. Сурия ҳамон иқтисодий ва ижтимоий инқирозни бошидан кечирмоқда, деб қўшимча қилган БМТ вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара беш йиллик ўтиш даври учун мўлжалланган вақтинчалик конституциявий декларацияни имзолаган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?