Исроил ҳужумларида «Barq Gaza» ахборот агентлиги директори ўлдирилди

16:07 25 Май 2025 Дунё
192 0

Фото: «Barq Gaza» ахборот агентлиги

Исроил босқинчилари томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида «Barq Gaza» ахборот агентлиги директори Ҳассан Мажди Абу Варда оила аъзолари билан бирга ҳалок бўлди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Манбанинг қайд этишича, Исроил томонидан Ғазо шимолидаги Жабалия ҳудудига уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар орасида журналист Ҳассан Мажди Абу Варда ҳам бор. Ғазо ҳукуматининг Медиа идораси ҳам унинг вафотини тасдиқлаган.

Маълум бўлишича, Абу Варда «Barq Gaza» ахборот агентлиги директори бўлган.

«У Исроил босқинчилари томонидан Жабалия ал-Назла (Ғазо шимоли) ҳудудидаги уйи бомбардимон қилиниши оқибатида, оила аъзолари билан бирга шаҳид бўлди», дейилади Медиа идораси томонидан эълон қилинган баёнотда.

Баёнотда Исроил ҳарбийларининг Фаластин журналистларини мунтазам нишонга олиши, ўлдириши ва суиқасдлар уюштириши энг кескин ифодалар билан қораланган. Таъкидланишича, ҳозирда босқинчилар томонидан Ғазо секторида ўлдирилган журналистлар сони 220 нафарга етган.

Шунингдек, Медиа идораси Халқаро журналистлар федерацияси, Араб журналистлари федерацияси ва барча давлатлардаги журналистлар ташкилотларини Ғазо секторидаги оммавий ахборот воситалари вакилларига қарши амалга оширилаётган ушбу тизимли жиноятларни қоралашга чақирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?