«Инсонпарварлик ёрдами билан соғлигимни тикладим»

16:07 03 Июнь 2025 Жамият
162 0

Фарҳод ЭСОНОВ«Халқ сўзи». Янги Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва кучли ижтимоий ҳимоянинг мукаммал тизимини яратиш ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишига айланган. Бу йўлда ҳар бир инсоннинг фаровонлиги, жамиятда ўз ўрнини топиши ва келажакка ишонч билан қараши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Бу жараёнда «Инсон қадри учун», «Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилади» каби халқчил тамойилларга асосланган ислоҳотлар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш каби янги тизимлар орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг муаммолари манзилли ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тезкор ечимлар топилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимояси борасидаги ишларни Қизириқ тумани Халқобод маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Салима Мирзаеванинг уч нафар фарзанди бор. Ёлғиз аёлнинг ҳаётига оғир дард соя солди — бош мия жарроҳлигига муҳтожлик уни чорасиз аҳволга қолдирди. Моддий имконият етишмаслиги сабабли, умидсизлик гирдобида у тақдирга тан беришга мажбур бўлди. Лекин Президентимизнинг «Инсон қадри ҳамма нарсадан устун» деган эзгу сиёсати туфайли Салима Мирзаева яна ҳаётга қайтди!

— Уйма-уй хатлов ўтказиш жараёнида фуқаро Салима Мирзаеванинг оилавий шароити ўрганилганда, унинг соғлигида жиддий муаммо борлиги аниқланди, — дейди «Халқобод» МФЙ ижтимоий ходими Нигора Жумаева. — Салима опанинг аҳволи чиндан ҳам оғир эди. Шу сабабли, у ҳақдаги маълумотларни зудлик билан жамлаб, мутасаддиларга тақдим этдим. Хурсандчилигим шундаки, қисқа вақтда «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари эвазига бемор жарроҳлик амалиётини ўтказиб, яна оиласи бағрига саломат қайтди. Бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

«Маҳаллабай» ишлаш тизими туфайли ҳар бир оиланинг дардини эшитиш, муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга ечим топиш имконияти яратилди. Бугунги кунда маҳаллада 105 нафар ногиронлиги бор фуқаро, 70 та кам таъминланган оила, 83 та ижтимоий реестрда турадиган нафақа олувчи оила мавжуд. Уларга ўз вақтида кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар натижасида аҳолининг давлатга бўлган ишончи кундан-кунга ортиб бормоқда. Саломатлиги тикланган С.Мирзаева ҳам унга кўрсатилган беминнат ёрдамдан миннатдор.

— Ҳаётдан умидимни узгандим — дейди Салима Мирзаева. — Касаллигим боис оиламда ҳам барака йўқолганди. Фарзандларимнинг таълим-тарбияси билан шуғулланолмасдим. Эндиликда буларнинг бари ортда қолди. Инсонпарварлик ёрдами орқали ҳаётга, фарзандларим бағрига қайтдим.

Салима Мирзаевага кўрсатилган ёрдам шу билан чекланиб қолмади. Унга 1-гуруҳ ногиронлиги расмийлаштирилди, болалар нафақаси тайинланди. Бундан ташқари, икки нафар фарзандининг келажаги учун ҳам қайғурилиб, улар бепул тўгаракларга жалб этилди. Бу хайрли иш нафақат бир инсонга ёрдам бериш, балки бутун оиланинг ҳаётида янги саҳифа очишга хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?