Ҳуқуқий акция: «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди»

10:23 09 Июнь 2025 Жамият
90 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Адлия вазирлиги томонидан ўтказилаётган «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси юз минглаб ҳамюртларимизнинг фуқаролик ҳужжатлари билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ҳуқуқий акция доирасида туғилиши қайд этилмаган ва фуқаролик паспорти ёки ID-картаси мавжуд бўлмаган шахсларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, акация давомида ҳуқуқий муаммоси мавжуд ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш, рўйхатдан ўтказилмаган тадбиркорлик субъектларини ёки давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулкларини рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш каби хизматлар кўрсатиляпти.

Ўз навбатида, яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган шахслар, туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмагани сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган шахслар адлия органлари томонидан бепул ҳуқуқий ёрдам олиши таъминланаётир. Шу билан бирга, ҳуқуқий акция доирасида қайд этилмаган туғилганлик ва ўлим ҳолатлари республика миқёсида хатловдан ўтказилмоқда. Натижада туғилиш ёки ўлим ҳақидаги фактларни белгилаш юзасидан судларга аризалар киритилади ва суд ҳужжати асосида туғилиш (ўлим) қайд этиб берилади.

— Ҳуқуқий акция бошлангандан буён Фарғона вилоятида қарийб 48 минг нафар ҳамюртларимизнинг фуқаролик ҳужжатларига юридик тузатишлар киритилди, — дейди Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Камолдин Машрапов. — Шу тариқа 8 минг 378 нафар ватандошимизнинг фамилия, исми ва шарифи ва бошқа маълумотлари таҳрирланди. Техник носозликлар туфайли махсус рақамли код (ЖШШИР) бириктирилмай қолган 24 минг дона далолатнома ёзувларига тузатишлар киритилди.

Қува туманининг Турк кўчасида 20 йилдан буён шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган оила — Асқар Умаралиев ҳамда Гавҳар Бобоеванинг ҳужжатларга беэътиборлиги оқибатида никоҳи қонунийлашмаган эди. Қува туман ФҲДЁ бўлими томонидан акция доирасида бу оиланинг қонуний никоҳи белгиланган муддатидан аввал расмийлаштириб берилди.

Марғилонлик Дилдора Ҳидоятова икки нафар фарзандини муҳожирликда дунёга келтирди. Унинг турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳи қайд этилмаганлиги сабабли болаларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни ёлғиз она мақомида ҳужжатлаштирган. Шу сабабли турмуш ўртоғининг вафоти муносабати билан ушбу оилага боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда болаларнинг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Аммо масала адлиячилар томонидан ижобий ҳал этилди.

Умуман олганда, дастлабки 3 ой давомида вилоятда 2 минг 485 нафар фуқаронинг туғилиши қайд этилиб, гувоҳнома берилган бўлса, 3 минг 59 нафарига туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома расмийлаштирилди. 346 нафар қонуний никоҳдан ўтмай яшаб келаётган фуқароларнинг никоҳи қонуний қайд этиб берилди. 2 минг 235 нафар юртдошларимиз ID-карталарига эга бўлишди. 2 минг 658 та тадбиркорлик субъектлари қайта ва 3 минг 814 та кўчмас мулк объектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Айтиш жоиз, «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси жорий йилнинг 31августига қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?