Ҳиндистонлик таниқли блогер Тошкентга саёҳатни бетакрор таассуротларга эга бўлиш учун ноёб имконият сифатида таърифлади
Ҳиндистонлик таниқли блогер Маллика Хурана Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига бағишланган мақоласида ўз ўқувчиларини Ўзбекистон пойтахтига қизиқарли саёҳатга таклиф қилди.
Муаллиф Деҳли-Тошкент йўналишидаги тўғридан-тўғри рейслар билан ушбу мафтункор шаҳарга уч соатдан камроқ вақт ичида етиб бориш мумкинлиги ҳақида ёзган.
“Тошкентда тарихий мерос замонавий интилишлар билан узвий боғланган, йирик кент маданият, меъморчилик, миллий ошхона ва жўшқин шаҳар ҳаётининг ўзига хос уйғунлигини тақдим этади. Тарихга қизиқасизми, миллий таомларни хуш кўрасизми, санъат ихлосмандимисиз ёки оддий қизиқувчан инсонмисиз? Тошкент ҳар бир саёҳатчига ўзига хос тажрибага эга бўлиш имкониятини таклиф қила олади”, деб таъкидлаган Маллика Хурана.
Муаллиф саёҳатчиларни бетакрор таассуротлар оламига чўмдирадиган 8 та ажойиб масканларга таъриф берган.
Аввало, бу “Чорсу” бозори бўлиб, мазкур ҳудудда хушбўй ҳидлар ва жонли рангларнинг сеҳри ҳайратланарли тарзда ўзаро боғланиб кетган. Жозибали ва жонли кўринишлардан баҳра олиб, маҳаллий савдогарлар билан мулоқот қилиб, бозорнинг ўзига хос муҳитида сиз бетакрор зираворлардан татиб кўрасиз, қўлда тикилган каштачилик намуналари билан танишасиз, бошқа қимматли билимларга эга бўласиз.
Амир Темур хиёбонида тарих ва замон ҳақида фикр юритиш мумкин. Улуғвор тарихий шахснинг маҳобатли ҳайкали ва майдон атрофидаги виқорли бинолар асрлар бўйлаб саёҳатга чорлайди.
Эски Тошкентнинг сирли кўчалари ўтмиш ҳақида тасаввурни бойитади. Бу ерда ҳар бир бино тарих саҳифасидир, Барокхон мадрасаси ва Тилла Шайх масжиди чинакам меъморчилик дурдоналари ҳисобланади.
Тошкент метросига ташриф санъат оламига саёҳатга қиёсланган. “Ҳар бир бекат нафис мозаикалар, қандиллар ва ўзига хос услубда безатилган санъат асаридир. Метрода сайр қилиш бой маданий тажрибага ҳам айланади”, деб таърифлайди муаллиф.
Маллика Хурана Мустақиллик майдони Ўзбекистон суверенитети ва ғурури рамзи эканини таъкидлаган. “Майдон бўйлаб сайр қилар экансиз, улуғвор меъморчилик намуналари, фавворалар рақси, эл-юрт озодлигига бағишлаб бунёд этилган Мустақиллик монументи билан танишасиз”, дейди у.
Тошкентнинг тунги ҳаёти ҳордиқ чиқариш учун ранг-баранг ва қулай имконият сифатида тасвирланган. “Миллий ва халқаро мусиқа янграйдиган ёрқин клублардан тортиб шинам кафе ва ресторанларгача бўлган турли дидларга мос бой тажрибадан баҳраманд бўлишингиз мумкин”, дейилади мақолада.
Ўзбек ошхонаси – бетакрор дид ва анъаналар оламига қизиқарли саёҳат, деб қайд этган блогер. “Гуруч, гўшт ва зираворларнинг мазали таъмлари қоришмасини тақдим этадиган палов каби машҳур миллий таомлар мазасидан татиб кўриш имкониятини қўлдан бой берманг. Юмшоқ хамирдан тайёрланган ва сермаза қийма билан тўлдирилган манти ҳам, албатта, истеъмол қилиб кўришингиз керак бўлган яна бир нозик таомдир”, деб ёзади муаллиф.
Алишер Навоий номидаги Академик катта театр Ўзбекистон санъати юксаклигини ўзида мужассам этган маданият дурдонасидир. Мақолада “театр спектаклларида қатнашиш шунчаки бир томоша эмас, балки мамлакатнинг мусиқа, рақс ва театр маҳорати байрамидир”.
Маллика Хурана ўз мақоласини ушбу ноёб масканларнинг ҳар бири гўзал Тошкент шаҳри ҳақида унутилмас хотиралар ва ранг-баранг кечинмаларга эга бўлишда ўта муҳим аҳамият касб этиши ҳақидаги фикрлар билан якунлаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг