Францияда Кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун II халқаро турнир бўлиб ўтди

12:43 26 Июль 2023 Спорт
337 0

Жорий йил 24 июль куни Франция пойтахтидаги Эмил Антуан номидаги марказий спорт мажмуасида Кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун II Халқаро турнир ўтказилди.

Унинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда спортни, жумладан, ўзбек курашини ривожлантиришга Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қаратилаётган алоҳида эътиборни юқори баҳолашди.

Парижда ташкил этилган ушбу халқаро турнир буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спорти брендини жаҳон майдонларидаги  нуфузини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва жаҳон халқларининг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун шарт-шароитларни яратишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Париж турнирида Европа қитъасининг 15 дан ортиқ мамлакатидан 20 нафардан ортиқ  полвонлар ғолиблик учун ўзаро беллашишди.

Муросасиз ўтган баҳслар якунида энг кучли полвонлар ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритишди.

Ўз вазн тоифаларида  биринчи ўрин соҳибларига Президент соврини сифатида 3000 евро, 2- ўрин эгаларига 2000 евро, 3- ўринни қўлга киритган полвонларга эса 1000 евро миқдорида пул мукофоти топширилди.

“Total Eren” компанияси вакили Силан Виллион;

— Бугун Парижнинг юраги — Эйфел минорасининг ёнгинасида жойлашган  йирик  спорт аренасида  ўтказилган Ўзбекистон Президенти соврини учун ўзбек  кураш бўйича халқаро турнирда иштирок этганимдан жуда  хурсандман. Ушбу мусобақа ҳақиқатдан ҳам ўзгача кўтаринки руҳда ўтди.  Франция жамоатчилиги беллашувларни катта иштиёқ ва қизиқиш билан кузатди. Бугун биз нафақат ўзбек маданиятининг бир бўлаги бўлган ушбу спорт тури билан танишдик, балки дунёга машҳур ўзбек ошхонаси, миллий таомлари ва куй-қўшиқларидан ҳам баҳраманд бўлдик.

Фурсатдан  фойдаланиб, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасига, Ўзбекистон Кураш федерацияси ҳамда барча ташкилотчиларга ўзимнинг  миннатдорлигимни билдираман.

Кураш бўйича  Ўзбекистон Президенти соврини учун II Халқаро турнир  ғолиби Ясмин Грабовски:

— Бу менинг ушбу мусобақада иккинчи маротаба ғалаба қозонишим. Ўтган йили ҳам биринчи ўринни олишга муваффақ бўлган эдим. Кураш спорт тури ўзига хос маданияти билан бошқаларидан ажралиб туради. Ўзбек кураши билан икки йилдан бери шуғулланиб келаман, унда олдин дзюдо билан шуғулланганман. Албатта, бугунги иштироким ва ғалабам менга кўтаринки кайфият бағишлади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақага Франциядаги қатор етакчи оммавий ахборот воситалари катта қизиқиш билан қарашди.  Жумладан,  “Euronews” халқаро ахборот телеканалида ушбу турнир тафсилотларига  бағишланган туркум лавҳалар томошабинларнинг эътиборига ҳавола қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?