Сенат Раиси Бетарафлик дўстлари гуруҳига аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарларининг иккинчи учрашувида иштирок этди

19:19 08 Октябр 2025 Сиёсат
126 0

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Бетарафлик дўстлари гуруҳига аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарларининг иккинчи учрашувида иштирок этди.

Видеоконференсалоқа форматидаги тадбир Туркманистон Миллий Кенгаши Мажлиси томонидан ташкил этилган бўлиб, «Парламентлараро мулоқот – дунёда тинчлик ва ишончни таъминлашнинг муҳим воситаси» мавзусига бағишланди.

Учрашувда Бетарафлик дўстлари гуруҳига аъзо мамлакатлар парламентлари, парламентлараро ташкилотлар, Парламентлараро иттифоқ ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Парламентаризмнинг замонавий глобал чақириқлар шароитидаги роли, парламентлар ўртасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада чуқурлаштириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибалар ва миллий амалий ёндашувларни алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Сенат Раиси ўз нутқида геосиёсий зиддиятлар, хавфсизлик таҳдидлари, ижтимоий инқирозлар ортиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қатъий иродаси туфайли бугун минтақамизда дўстлик, очиқлик ва ҳамжиҳатлик муҳити қарор топаётганлигини айтиб ўтди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «ёпиқ чегаралар ва ҳал этилмаган низолар даври ортда қолди, минтақада Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди» деган фикрлари бунга мисол бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, бугун Марказий Осиё – бу янги сифатдаги минтақавий бирлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли эканлиги, парламентлар эса бу жараёнда муҳим кўприк вазифасини бажараётганини қайд этиб ўтди.

«Биз қонунчилик орқали нафақат ички сиёсатни, балки минтақавий ҳамкорлик ва ишонч муҳитини ҳам мустаҳкамлаймиз. Ҳозирги замонавий шароитда парламентлар халқлар манфаатларида тинчлик, ишонч ва адолатни мустаҳкамлашда тобора муҳим роль ўйнамоқда», – деди Сенат Раиси.

Учрашув якунида томонлар парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид келишув ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?