Фарғоналик ёшлар тил ўрганиб, Японияда таълим олиш имкониятига эга бўлишади

18:08 10 Октябр 2023 Жамият
496 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона вилояти ҳокимлигида Япониянинг Nippon тил ўргатиш академияси (Nippon Language Academy) президенти Маюко Оно бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу марказ бир вақтнинг ўзида мингга яқин ўқувчига япон тилини ўқитиш имконига эга. Айни пайтда марказ мутахассислари дунёнинг ўнлаб давлатларида талаба-ёшларга япон тили таълимини бериб келмоқда. Юзма-юз мулоқотда тил ўргатиш академияси мутахассислари томонидан вилоятда мактаб битирувчиларига япон тилини ўргатиш ҳамда келажакда Японияда таълим олиши, меҳнат фаолияти олиб боришларига кўмаклашиш режалаштирилмоқда.

Айтиш ўринли, жорий ўқув йилидан бошлаб Фарғона вилоятидаги ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этилди. Риштон туманида жойлашган Noriko-Gakkyu тил мактабида эса кейинги йилларда 3000 нафарга яқин ёшларга япон тили ўргатилиб, уларнинг кўпчилиги Япониядаги олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган бўлса, яна бир қисми кунчиқар юртда меҳнат фаолияти олиб бораётир.

Шунингдек, касбий дуал таълим йўналиши бўйича Япония билан ҳамкорликда вилоятда иккита таълим маркази ташкил этилган.

— Мутахассисларимиз билан биргаликда ўн кун мобайнида вилоятдаги қатор мактабларда япон тили ва маданияти бўйича очиқ дарслар ташкил этишни мақсад қилганмиз,—дейди Маюко Оно. —Ўз навбатида мулоқотлар давомида ёшларга япон тилини ўрганиш ва олий таълимни Японияда давом эттириш борасидаги имкониятлар таништирилади.

Самимий суҳбат чоғида вилоятда Nippon тил ўргатиш академиясининг доимий офиси ҳамда япон тили ўргатиш марказини ташкил этиш таклифи маъқулланиб, бу икки томонлама алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши эътироф этилди.

Ботир МАДИЁРОВ“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер