Бокс. Муроджон Аҳмадалиев ва Наоя Иноуэ ўртасидаги тарихий жангга 2 кун қолди

Фото: «World of Boxing» промоутерлик компанияси
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Япониянинг Нагоя шаҳридаги «IG arena» спорт мажмуасида профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтади. Ушбу кечанинг марказий жангида иккинчи энг енгил вазн тоифасида мутлақ Жаҳон чемпиони, япониялик Наоя Иноуэ Ўзбекистон вакили Муроджон Аҳмадалиевга қарши рингга кўтарилади.
Ушбу тўқнашув шуниси билан аҳамиятлики, унда WBA чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар бўлган ўзбекистонлик чармқўлқоп устаси ўз вазн тоифасида боксдаги барча нуфузли ташкилотларнинг камарларига битта жангнинг ўзидаёқ эга чиқиши мумкин. Бу — мутлақ чемпионлик (undisputed champion) дегани. Бунақаси Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон бўлмаган. Ҳатто бутун Марказий Осиёда ҳам ҳали бирор профессионал боксчи мутлақ чемпионликка эга чиқмаган.
Айтиш жоиз, Муроджон Аҳмадалиев Наоя Иноуэ бу жангни қабул қилиши учун уни том маънода, анча вақт таъқиб этди. Ўтган вақт давомида спортчилар ҳамда уларнинг жамоалари ижтимоий тармоқларда кўплаб трештокларга киришди. Хусусан, ўзбек боксчиси «Fights Around The World» нашрига берган интервьюсида айни дамда ўзини жуда яхши ҳис қилаётгани ва чемпионликка ташна эканини айтди.
«Мен ниҳоят Иноуэга қарши жанг қилиш имконига эга бўлдим. Бу мақсадга эришиш учун катта меҳнат қилдим ва жанг кунида ўзимнинг энг яхши версиямни намойиш этаман. Ушбу жангга тайёргарлик жараёнида ўзимнинг бутун фаолиятимдаги энг яхши спорт формамга киряпман, деб ҳисоблайман.
Мен зарбаларим билан ҳар қандай рақибни бузиб ташлай оламан, кучимга ишонаман ва уни амалга оширишга тайёрман. Иноуэ ҳам бундан мустасно эмас. Менинг вазифам — уни мағлуб қилиш, ва бу учун барча имкониятимдан фойдаланаман», деган Муроджон.
Наоя Иноуэ МЖнинг сўзларига қуйидагича жавоб берди:
«Мен унинг фикрларини ўқидим, лекин ўйлайманки, у бироз ноаниқ баёнот берди. Умумий куч жиҳатидан мен Аҳмадалиевдан қолишмайман. Аммо мени унинг жисмоний имкониятлари ва кучли зарбалари ташвишга солмоқда».
Аҳмадалиев бугун, 12 сентябрь куни Нагоя шаҳрида бўлиб ўтган жангдан олдинги матбуот анжуманида ҳам асосий мақсади мутлақ жаҳон чемпиони бўлиш эканини айтиб ўтди.

«Мен бу ерга чемпионлик камарларини олиб кетиш учун келганман. Мақсадим — мутлақ жаҳон чемпиони бўлиб, тарихга кириш. Бунинг учун 14 сентябрдаги жангда рингга боримни ташлаб чиқиб кетаман. Бу ерга Япониянинг чиройли, тарихий, диққатга сазовор жойларини томоша қилиш учун келмаганман.
Жангда ҳар бир раундни ютишим керак. Бунинг учун баҳс давомида рингда чиройли, тоза ва ақл билан ишлашга астойдил ҳаракат қиламан. Бу жангни икки йил кутдим. Берилган имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолишим шарт. Бунинг учун 100 фоиз куч билан жанг қиламан.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу жангни ўтказаётган ташкилотчилар, ҳомийлар, промоутерларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Эртага тарози маросими, индинга жанг, демак, тарих ёзилишига оз фурсат қолди», деди Муроджон.

Шунингдек, у анжуман давомида Наоя Иноуэ ва унинг барча жамоадошларига ўзбек чопонларини совға тариқасида кийдирди. Япониялик спортчи ҳам буни ўта самимий қабул қилди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу ҳолатни: «Энди чопонлар эвазига камарларни беришса бўлди», дея ҳазиломуз тарзда талқин қилди.

Аҳмадалиевнинг мураббийи Жоэл Диас «Ring Magazine» нашрига берган интервьюсида МЖнинг Иноуэга қарши имкониятлари, жанг стратегияси ва ҳатто Японияда очколарга умид қилиш қийинлиги ҳақида фикр билдирди.
«Биз ўзимизга ишонч билан келдик ва қаттиқ тайёрландик. Наоя ажойиб жангчи — буни рад этмайман, аммо Муроджон Иноуэни мағлуб этишига ишонгани учун бу жангни ўз хоҳиши билан олди. Муроджонда катта тажриба бор: у ҳар хил услубларни кўрган ва зарба беришни билади. Карденас Иноуэга қарши беш раунд давомида бироз қийинчилик туғдира олди, аммо унда Муроджонга хос тажриба ва имконият йўқ.
Биз Иноуэни нокаут қилиш мумкинлигини биламиз. Агар Муроджон унга кучли ва аниқ зарба берса, у албатта қулаши мумкин. Фарқи шундаки, Муроджон рақибини қайта тикланишига йўл қўймайди. Реалист сифатида айтсам, Японияда Иноуэни очколар ҳисобида мағлуб этиш жуда қийин. Шунинг учун уни нокаут қилишимиз шарт. Иноуэни нокаутга учратиш мумкин — бу фақат вақт масаласи», дейди Жоэл Диас.

Маълумот учун, 30 ёшли ўзбекистонлик боксчи профбоксда бунгача 15 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг фақатгина биттасида мағлубиятга учраган. Аҳмадалиев ғалабаларининг 11 тасига рақибларини нокаут қилиш орқали эришган.
Унинг бўлажак рақиби 32 ёшли Наоя Иноуэ эса шу вақтгача 30 та жангда қатнашиб, барчасида зафар қучган. Эътиборлиси шундаки, Япония вакилининг 27 та жанги муддатидан олдин якунланган. 14 сентябрь куни бўлиб ўтадиган тўқнашув Иноуэ учун WBC ва WBO камарлари бўйича олтинчи, WBA, IBF ва «The Ring» камарлари бўйича бешинчи ҳимоя жанги бўлади.
«Salary Leaks» маълумотига кўра, Иноуэ – Аҳмадалиев жанги учун мукофот жамғармаси 20 миллион долларни ташкил қилади. Ушбу пулларнинг 75 фоизини Иноуэ, қолган 25 фоизини Аҳмадалиев олади. Агар PPV савдоси кутилганидан юқори бўлса, Иноуэ яна 4 миллион доллар, Аҳмадалиев эса қўшимча 1 миллион долларга эга чиқиши мумкин.
Муҳсин Умурзоқов,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг