Ўзбекистонда Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади

12:47 25 Январь 2026 Жамият
156 0

Ўзбекистонда Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Институт Ўзбекистон Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фаолият юритади. Бу ҳақда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастури лойиҳасида белгиланган.

Лойиҳага кўра, Миллий институт ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий филиаллари 2026 йил 1 мартга қадар ташкил этилиши кўзда тутилган. Институт маҳалла тизимидаги раҳбар ва мутахассис кадрлар, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг малакасини оширишга ихтисослашади. Уларнинг йилига камида бир маротаба режа-график асосида малака ошириши йўлга қўйилади.

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, 20 мингга яқин маҳалла тизими ходимлари ва «маҳалла еттилиги» вакиллари учун малака ошириш тизими жорий этилади. Шунингдек, Миллий институт ҳузурида магистратура босқичи ташкил этилиши режалаштирилган.

2026/27-ўқув йилидан бошлаб 120 нафар маҳалла тизими ходими ва «маҳалла еттилиги» вакили магистратура босқичида таълим олади. Таълим қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

— «Маҳалла бошқаруви»
— «Ҳудудий режалаштириш ва ривожланиш»
— «Лидерлик ва барқарор ривожланиш»
— «Ижтимоий лойиҳаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш»

Ўқитиш ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда бир йиллик ва ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда икки йиллик шаклларда ташкил этилади.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан Миллий институт фаолиятини йўлга қўйиш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиш, шунингдек, институт ва унинг ҳудудий филиалларини бино билан таъминлаш режалаштирилган.

Лойиҳада «маҳалла еттилиги» фаолиятини ташкил этиш жараёнларини ислоҳ қилиш ҳам назарда тутилган. Жумладан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторини туман (шаҳар) ҳокими томонидан лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш амалиёти жорий этилади.

Бу ҳақда 23 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам маълум қилинган.

Шунингдек, 500 та маҳаллада тажриба тариқасида «маҳалла еттилиги» вакилларини ўзлари истиқомат қилаётган ёки ёндош маҳалладан тайинлаш амалиёти жорий этилади. Уларни йиғилиш ва тадбирларга жалб қилиш фақат фуқаролар йиғини раиси рухсати билан амалга оширилади. Вазифаларига дахлдор бўлмаган топшириқларни юклаш қатъиян тақиқланади.

Мазкур талаблар бузилган тақдирда, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси давлат органлари ва ташкилотларининг масъул шахсларига нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўриш бўйича ҳар ойда Бош вазирга таклифлар киритиб боради.

Ушбу ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 7 февралга қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер