Биринчи ўзбек балеринаси

22:50 30 Январь 2026 Жамият
50 0

Ўзбек балет санъати тарихи қаердан бошланади? Бунга жавоб битта ном билан боғлиқ — Бернора Қориева. Ўзбекистон балет санъати айнан ундан бошланади. У саҳнага фақат раққоса сифатида эмас, балки янги давр тимсоли сифатида чиқди.

Бернора Қориева санъатга улкан ҳисса қўшди. Очлик, машаққатли машғулотлар, имкониятлар етишмаслиги — барчасини бошидан кечирди. Аммо бир лаҳза ҳам ортга чекинмади. У саҳнага шунчаки чиқмади — у аёлларнинг санъатдаги ўрни ҳақидаги жамият тасаввурини ўзгартирди.

Ўзбек рақс ва балет санъати тарихида Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Маргарита Оқилова, Равия Отажонова, Галия Измайлова, Гулнора Маваева, Валентина Проскурина, Вилоят Оқилова, Гавҳар Матёқубова, Қодир Мўминов, Маъмура Эргашева, Малика Аҳмедова каби улуғ санъаткорлар қаторида Бернора Қориева номи ҳам алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.

У 1936 йил 28 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Раҳим Қориев оиласида туғилган. Бўлажак балерина 16 ёшида Тошкент Олий хореография билим юртини, 19 ёшида эса Москва хореография билим юртини муваффақият билан тамомлайди. Шундан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбек опера ва балет катта академик театрида фаолиятини бошлайди.

1957 йил Москва шаҳрида ўтказилган балет танловида Бернора Қориева олтин медалга сазовор бўлади. Ана шу муваффақиятдан кейин у Франция, Италия, Англия, Ямайка, Сурия, Ҳиндистон, Бразилия, Аргентина каби мамлакатларда машҳур балет усталари билан бир саҳнада чиқиш қилади. «Оққуш кўли», «Боғчасарой фаввораси», «Анна Каренина» каби дунёга машҳур балетларда бош қаҳрамонларни юксак маҳорат билан ижро этади.

Унинг энг ёдда қоларли ролларидан бири — Меҳри қиёфасидир. Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида Лола Оқилова саҳналаштирган «Суҳайл ва Меҳри» балети ўзбек санъати тарихида ўчмас из қолдирган асарлардан бири бўлса, бу ютуқда Бернора Қориеванинг ҳиссаси беқиёс. У Меҳри образида ҳақиқий ошиқ қиёфасини яратди. Бу роль миллий руҳи, ўзбек хореографияси элементларининг нозик ва табиий қўлланилиши билан ажралиб туради. Меҳри қиёфаси гўзаллик, латофат ва ҳаракатдаги нафосат билан томошабин қалбига йўл топган.

Бернора Қориева саҳна билан чекланиб қолмади. У бир неча йиллар раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритди. 1979 йилда «Ўзбекистон ёшлар балети» бирлашмасини таъсис этиб, 1983 йилгача унга раҳбарлик қилди. 1985 йилдан Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси, 1994–2002 йилларда эса Алишер Навоий номидаги театр директори ва бадиий раҳбари сифатида ишлади. 2004 йил Тошкентда биринчи хусусий рақс мактабини очди.

Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида балет санъатини ривожлантириш ва оммалаштириш осон бўлмаган. Аммо у ҳаракат қилди ва уддалади. Шу сабаб Бернора Қориева номи нафақат ўзбек балети, балки миллий маданиятимиз тарихида ҳам абадий қолади.

Отабек ИСРОИЛОВ
(«Халқ сўзи»)
.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер