Жомбойдан Ургутга темирйўл линияси тортилади
Фото: Ургут тумани ҳокимлиги
Темир йўллар мамлакат иқтисодиётининг ўзига хос қон томирлари ҳисобланади. Йўловчилар ва халқ хўжалик юкларини белгиланган манзилларга етказишда темир йўлларнинг ўрни ҳамда роли беқиёс. Шу боисдан ҳам сўнгги йилларда республикамизнинг узоқ ва чекка ҳудудларига олиб борадиган турли йўналишлар бўйича темир йўл тармоқлари тортилиб, поездлар қатнови йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарнинг экспорт ва импорт операцияларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ургут туманига темир йўл тармоғи тортиш ишлари бошланди.
Жомбойдан Ургут тумани йўналиши бўйича қурилиши режалаштирилаётган темирйўл қурилиши мазкур соҳадаги йирик лойиҳалардан биридир. Темир йўлга тамал тоши қўйиш тадбирига қатнашган транспори вазири И. Маҳкамов, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А. Бобоев ва бошқа масъуллар янги тармоқ ҳудудда жойлашган аҳолининг узоғини яқин қилиш билан биргаликда ишлаб чиқарилган юқори сифатли маҳсулотларни хориж бозорига экспорт қилиш имкониятини янада оширишини билдириб ўтишди.
- Мазкур янги тармоқ юртимиз темир йўл соҳасидаги йирик лойиҳалардан бири. Буни қуришдан мақсад “Ургут эркин иқтисодий зонаси”нинг имкониятларини кенгайтириш ва аҳолига қулайлик яратишдан иборат, - дейди “Темирйўл лойиҳаси” масъулияти чекланган жамияти директори Расулжон Рўзиев. - Бу орқали нафақат “Ургут” эркин иқтисодий зонаси корхоналарининг транспорт тармоғи яхшиланади, шу билан бирга аҳоли учун қулайлик яратилади, ҳудудда сайёҳлик ривожланади.
Узунлиги 50 километрдан ортиқ бўлган янги тармоқ “Тоштемирйўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган бош режа бўйича замонавий муҳандислик ечимлари ҳисобга олинган ҳолда яратилган. Жомбой тумани ҳудудидан бошланадиган янги тармоқ билан вилоятнинг нуронийлари таништирилди. Хайрли иш бошида отахонлар дуога қўл очиб, йил охирига қадар барпо этилиши белгиланган темир йўл тармоғи узоқ йиллар халқимизга хизмат қилишини тилашди.
- Ургутликлар тадбиркор ҳалқ. Бу лойиҳанинг улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишдаги аҳамияти катта, - дейди “Нуроний” жамғармаси Ургут тумани бўлими раиси Фармон Азизов. - Бунинг негизида Президентимизнинг халқимиз меҳнатини қадрлаши, тадбиркорларга бўлган катта эътибори ётибди. Юртбошимизга катта миннатдорчилик билдирамиз.
Жомбой туманидаги “МАN” заводи яқинидан бошланувчи мазкур янги темирйўл 4Р238 автомобил йўлини кесиб, Зарафшон дарёси бўйлаб ўтади ва сўнгра ушбу дарё устида барпо этиладиган кўприк орқали Ургут туманига бориши режалаштирилган.
Бу тармоқлар орқали режага кўра, йўловчилар ҳам ташилади. Бекатлар аҳоли гавжум ҳудудларда ташкил этилади. Масалан, Самарқанд вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган Ургут туманида жойлашган “Жартепа” чегара божхона пости яқинида ҳам бекат қурилади. Бу эса Тожикистонликлар учун юртимизнинг исталган ҳудудига темир йўл орқали етиб бориш имконини ҳам беради.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, юк ва йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган мазкур йўлнинг умумий узунлиги 55,6 километрни ташкил этади. Лойиҳани 2026-йил якунига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(Халқ сўзи)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг