Кучли аксириш юракни тўхтатиб қўйиши ёки кўзларни косасидан чиқариб юбориши мумкинми?
Иллюстратив фото
Акса уриш инсон танасидаги энг кучли ихтиёрсиз ҳаракатлардан бири ҳисобланади. Қадимда у турлича талқин қилинган: айрим манбаларда яхшилик аломати сифатида кўрилган бўлса, бошқаларида хасталик белгиси деб баҳоланган. Бугунги илм-фан эса аксиришни, аввало, организмни ҳимоя қилиш механизми сифатида изоҳлайди.
Манчестер университети иммунологи Шина Круикшанкнинг таъкидлашича, аксириш — бу организмни безовта қилаётган омилдан халос бўлишга қаратилган жисмоний реакция. Бурун ичидаги майда тукчалар — цилиялар ташқи заррачаларни ушлаб қолади ва асаб тизимига сигнал юборади. Натижада организм “бегона” моддани чиқариб юбориш учун аксириш рефлексини ишга туширади.
Бундай таъсирга аллергенлар, шамоллаш ёки грипп вируслари, чанг, қалампир каби қўзғатувчилар сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, юз соҳасидаги сезги ва ҳаракат функциялари учун масъул учламчи асаб (тригеминал нерв) совуқ ҳаво ёки ҳатто қош юлиш пайтида ҳам аксиришни қўзғатиши мумкин. Айрим одамларда эса ёрқин нур таъсирида аксириш кузатилади. 1980 йилларда тадқиқотчилар бу ҳолатни ҳазиломуз тарзда “Achoo синдроми” деб атаган. У ирсий ва туғма хусусиятга эга.
Аксириш жуда кучли жараён бўлса-да, у ҳақидаги айрим кенг тарқалган тасаввурлар нотўғри. Сўнгги тадқиқотларга кўра, аксириш пайтида ҳосил бўладиган ҳаво оқими 1 метрдан кам масофагача етади ва тезлиги тахминан соатига 10 милни ташкил қилади. Бу кўпчилик ўйлаганидек соатига 100 мил эмас. Шунингдек, аксириш юракни “тўхтатиб қўймайди” ёки кўзларни чиқариб юбормайди — бу афсоналар илмий асосга эга эмас.
Мутахассислар ифлосланган ҳудудларда аксириш ва аллергик аломатлар узоқроқ ва оғирроқ кечишини қайд этмоқда. Ифлос ҳаво бурун ва ўпка шиллиқ қаватларига зарар етказиб, зарарли омилларнинг организмга киришини осонлаштиради. Айрим тадқиқотлар эса ҳаво ифлосланиши иммун тизимини “қайта дастурлаб”, оддий омилларга нисбатан ҳам ноўрин реакция уйғотиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Аксириш орқали юқиши мумкин бўлган касалликлар қаторига шамоллаш, грипп, COVID-19, сил, шунингдек қизамиқ, қизилча, сувчечак, респиратор-синцитиал вирус, безгаксимон иситма ва аденовирус инфекциялари киради. Агар инсон касал бўлса, аксиришни салфетка билан тўсиш ёки билак билан оғизни ёпиш тавсия этилади. Зарурат туғилганда FFP2 ниқоб тақиш ҳам самарали чора ҳисобланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аксириш кўп ҳолларда хавотирли белги эмас. У ифлос ҳаво, аллергия ёки оддий безовталик натижаси бўлиши мумкин. Агар бошқа жиддий аломатлар кузатилмаса, аксиришнинг ўзи катта хавф туғдирмайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг