Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари

05:28 31 Январь 2026 Маданият
425 0

Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига

Самарқанд шаҳри, унинг муҳити ва мактаби не-не буюк шахслар ҳаётида юксак ўрин тутади. Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўз асарларида ушбу қадимий кентда ўтган умри, орттирган дўстлари ва маънавий муҳитни алоҳида меҳр билан кўп бор ёдга олади. Навоийшунос олима, Самарқанд давлат чет тиллари университети профессори Дилором САЛОҲИЙ билан суҳбатимиз буюк шоирнинг ушбу табаррук заминда қолган излари ҳақида бўлди.

— Самарқандда Алишер Навоий ҳаётининг энг жўшқин даври кечган, — дейди Дилором Салоҳий. — У бу ерга машҳур шоир бўлиб келган. Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибек Вафоий уни ўз мартабасига муносиб тарзда иззат-икром қилган. Йирик олимлар унга дарс берганларида алоҳида эътибор билан муносабатда бўлади.

Самарқанд — ҳазрат Навоийнинг Машҳадда Шайх Камол Турбатий, Паҳлавон Муҳаммад воситасида шакллана бошлаган фалсафий-маърифий, диний-тасаввуфий қизиқишлари бир ўзанга тушишига йўл очган, бу соҳадаги дунёқараши шаклланишига имкон яратган шаҳарлардан бири. Академик Ботирхон Валихўжаев хулосаларига кўра, ҳазрат Навоий Ҳиротдан чиқиб кетишни ният қилар экан, қайси шаҳарни танлаш ўзининг ихтиёрида эди. Ул зот Камол Турбатийдек, Паҳлавон Муҳаммаддек дўсту ёрлари бор бўлган шаҳар — Машҳадни танлаши ҳам мумкин эди. Бунинг устига, шоир Ҳиротдан кетар пайтлари маънавий отахони Саййид Ҳасан Ардашер ҳам Машҳадда эди. Аммо Навоий Самарқандни танлади. Чунки бу ерда ақли камолга етган, қаламининг шуҳрати кенг ёйилган ёш шоирни меҳригиё сингари ўзига тортиб турган янги илми ирфон дарғаси, пири комил Ҳазрати Хожа Аҳрор Вали бор эди.

Навоийшунос олим Б. Валихўжаев Алишер Навоийнинг Шайх Хожа Аҳрор Вали назарига тушиши, унинг илтифотига мушарраф бўлиши, йирик фақих Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс Самарқандий ва унинг оиласи билан муносабатлари, Самарқандда яратилган ёки бу шаҳар билан боғлиқ асарлари хусусида фикр юритади. У ўзигача яратилган тадқиқотларни тўлдиришга, янги илмий маълумотлар билан бойитишга интиларкан, шоирнинг нақшбандия тариқатига расман кириши ҳам ушбу кўҳна кент билан бевосита боғлиқ эди, деган фикрни ўртага ташлайди. Олим Навоийнинг самарқандлик ёру биродарлари, энг қадрли ҳамсабоқ дўстлари билан муносабатларини ҳам назардан қочирмайди.

Алишер Навоий ўзининг Ҳиротдан чиқиб кетиши сабабларини сўзлаб, устози Сайид Ҳасан Ардашерга йўллаган машҳур “Маснавий”сида бир толиби илмнинг мусофирликдаги қийинчиликларини баён этаркан, бевосита ўз ҳаёти тафсилотларига ишора қилади.

— Улуғ шоир яшаган Самарқанддаги Абуллайсийлар хонадони ҳозир ҳам борми?

— Абуллайсийлар хонадонининг соҳиби XV аср иккинчи ярмида Самарқандда фаолият кўрсатган, илм-фан ва адабиёт соҳасида кўзга кўринган вакили — Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий эди. Бу фозил шахс ҳақида ҳозирча жуда кам маълумот етиб келган. Аммо манбаларда Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий “Мовароуннаҳр акобирларидан бири” (Абдураззоқ Самарқандий), даврининг Абу Ҳанифаи сонийси (Алишер Навоий), Ибн Ҳожиби, Абу Али Синоси (Хондамир), хуллас, аълами уламоси тарзида тилга олинади. У Мирзо Улуғбек наздида жуда эътиборли алломалардан эди. Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий Самар­қанддаги аждодлари яшаган Ал-Фақиҳ Абуллайс гузарида бино қилинган хонақосида толиби илмларга фиқҳ, тиб, тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича дарс берган. Толиби илмлар қаторида бу ерда Алишер Навоий ҳам бўлган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”да келтиришича, Абусаид Мирзо томонидан Самарқандга “ихрож” қилинган Алишер Навоийнинг ҳомийси шаҳар ҳокими Аҳмад Ҳожибек Вафоий эди. Навоий бу киши кўмагида Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий хонақоҳидан ҳужра олиб, икки йил шу ерда яшаб, машҳур олимдан тилшунослик, адабиётшунослик, фиқҳ — ислом қонуншунослигидан сабоқ олди. Ўзининг қобилияти туфайли устозининг эътиборини қозонди ва шу даражага етдики, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий уни “фарзандим” дерди.

Алишер Навоий 1469 йилда Ҳиротга қайтиб, давлат арбоби сифатида иш бошлаганда ҳам, умуман, умрининг охирига қадар бу хонадонни унутмади. Самарқанд билан алоқасини янада мустаҳкамлади. Шунинг учун кўпгина самарқандлик аллома ва шоирлар Ҳиротга борганида, Алишер Навоий илтифотидан баҳраманд бўларди. Абуллайсийлар хонадонининг икки вакили — Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг фарзанди Хожа Хованд Абуллайсий ва шу хонадонга мансуб Хожа Абулқосим Абуллайсий шулар жумласидан. Буларнинг иккови ҳам Навоий илтифотидан баҳраманд бўлгани учун ўз миннатдорлигини китоблар ёзиш билан ифода этган. Хожа Хованд ибн Фазлуллоҳ Абуллайсий “Ҳошияи мифтоҳ” ва “Ҳошияи талмиҳ” асарларини, Хожа Абулқосим Абуллайсий эса “Ҳошияи мутаввал” асарини Навоийга бағишлаган. Демак, Абуллайсийлар хонадонининг бу икки намояндаси Алишер Навоий кўмагида шу хонадон илмий анъаналарини давом эттирган.

Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий яшаган маҳаллада унинг уй-музейи бунёд қилинган.

— Алишер Навоийнинг Самарқанддаги асарлари қанчалик ўрганилган?

— Алишер Навоий асарларининг нодир қўлёзма нусхалари бугунги кунга қадар Самарқанд давлат университети кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлимида, Самарқанд Бош музей қўриқхонаси фондларида, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхонасида сақланади. Бу нодир қўлёзмалар ҳақида биз ўзимизнинг тадқиқот ишларимизда маълумот берганмиз. Айниқса, СамДУ кутубхонасида Навоий ҳазратларининг ўн олтинчи асрга оид шоҳона безаклар билан зийнатланган “Бадоеъ ул-бидоя” номли девони сақланиши эътиборга молик. Аммо ҳанузгача қадар Алишер Навоийнинг Самарқандда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма асарлари библиографияси қилинмаган.

Баъзи манбаларда шоирнинг Самарқандда ёзилган асарлари хусусида маълумотлар бор. Навоийнинг:

Кўкрагимдир субҳнинг пироҳанидин чокрок,

Кирпиким шабнам тўкилган сабзадин намнокрок

матласи билан бошланувчи ажойиб дилтортар ғазали Самарқандда ёзилгани ҳақида Ботирхон Валихўжаев қизиқарли маълумотлар келтиради. Шоирнинг зулқофиятайн санъати билан дарж этилган, ўткир фаҳм-фаросати билан “саромади замона” саналган дўсти Мирзобек хотирасига ёзиб тугатилган:

Кўзунг не бало қаро бўлубтур,

Ким жонга қаро бало бўлубтур

деб бошланувчи ғазали ҳам Самарқанддаги ижодиёти намуналаридан биридир. У дўсти қалами натижаси бўлган мазкур матлани унинг хотирасини абадийлаштириш учун тўлиқ ғазал ҳолига келтиргани ҳақида “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида маълумот беради.

Навоийнинг Самарқанддаги адабий-илмий фаолияти ҳали жуда кўп тадқиқотлар учун мавзу бўлиши мумкин. Навоийшунослик соҳасида изланишлар олиб борувчилар шоирнинг бу ерда аниқ ва табиий фанларни ўрганиш бўйича қилган саъй-ҳаракатлари, қизиқишлари доираси ҳақида чуқурроқ фикр юритмоғи, унинг мактуботидаги Самарқанд билан боғлиқ тафсилотларга аниқлик киритишлари, Самарқанддаги қадамжолари харитаси хусусида ўйлаб кўрмоғи лозим. Шоир шеъриятида осмон жисм­лари, сайёралар билан боғлиқ чуқур илмий мулоҳазалар кўзга ташланади. Бу унинг Мирзо Улуғбек расадхонасида олган таълими самаралари эмасмикин? Бу каби қатор саволларга жавоб топиш учун ҳали толиби илмлар ихлос билан жуда кўп изланишлар олиб боришлари лозим.

— Бугун шоир асарларини аслидан узоқлаштирмай табдил қилиш, адабий меросни кенг аудиторияга етказиш ва унинг фикрий-маънавий қадриятларини халқаро миқёсда англаш қанчалик муҳим?

— Алишер Навоий асарлари ёзилган тил ХIХ-ХХ асрларда “чиғатой туркийси” деб аталган, яъни мовароуннаҳрлик туркий тилда сўзлашувчилар тили. Ҳазрат Навоий ҳам ўз тилини “туркий” деб атаган ва асарларида шу истилоҳни қўллаган. “Ўзбек тили” дейилганда эса қипчоқ шевасида сўзлашувчи маҳаллий халқлар тили назарда тутилган.

Буюк мутафаккир асарларини, айниқса, ғазалларини сўзма-сўз таржима қилиш, шундан сўнггина уларни шарҳлаш, изоҳлаш, талқин этиш мақсадга мувофиқ. Чунки шоир ғазалларида арабий, форсий сўз ва иборалар, сўфиёна истилоҳлар кўплаб қўлланган. Бу ўша давр илмий ва адабий услублари хусусияти эди. Сўфиёна истилоҳларни ўрни-ўрнига қўйиб, тўғри қўллаб, насрий баён қилиб ҳам ғазал мазмунини англаш мушкул. Ғазалнинг ҳам ғоявий маъно-мазмунини англаш, ҳам унинг бадиий қудратини қалбан ҳис этиш лозим. Бунинг учун ҳакимона фаҳм, ўта нозик ва ҳозиржавоб ички туйғу зарур. Албатта, мутафаккир аждодимиз шеъриятини ҳамма бирдай осонгина тушунавермайди. Навоийни тушунмоқ учун билим керак, фаҳм жоиз, бадиий дид даркор. У ўзбек, қипчоқ, қиёт, барлос, турк, ўғуз, туркман каби атамаларни асарларида қўллаш билан бирга: “Мен бу тилда сўзлашувчиларни — ул мамлакатни якқалам қилдим”, яъни ёзган асарларим билан барча туркий тилда сўзлашувчи элларни бирлаштирдим, дейди. Шубҳасиз, Ҳазрат Навоийнинг ўзидан ортиқ қилиб ҳеч ким бу мавзуда сўзлай олмайди.

— Навоий ҳазратлари бир рубоийсида:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрубон бўлмас эмиш,

Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш,

дейди. Бу рубоийнинг ирфоний маъносини шарҳлаб берсангиз?

— Мисраларнинг зоҳирий маъносига назар солсак, “ғурбат” деганда мусофирлик, “ғариб” деганда эса мусофир назарда тутилади. Ҳақиқатан ҳам, буюк шоир Самарқандда “ғурбат”да эди, қалбида Ҳирот соғинчи бор эди. Аммо бу ерда ул зоти шариф “ғариб” эдими?!

Навоий ҳазратлари Самарқанддаги ҳаётини бир “ғариб” сингари эмас, балки “азизлик”да, “шодмонлик” билан ўтказганлигини йирик навоийшунос олимларимиз ҳам эътироф этган, таъкидлаган.

Албатта, Самарқандда Алишер Навоий номи билан боғлиқ тарихий масканларни сақлаб қолмоқ, обод этмоқ лозим. Аммо ул зотнинг руҳи покларини шод қилишни истасак, унинг ҳикматли қаламига муҳаббатни ҳар биримиз қалбимизга нақш этмоғимиз шарт! Чунки биз Ҳақ таоло азиз қилган, Мир Алишер Навоийси бор миллатмиз.

Адиба УМИРОВА

(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер