Жиноятни одатга айлантирган мансабдорлар
Оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда қайсидир амалдорнинг ўз мансаб мавқейидан фойдаланиб, тамагирлик қилгани, турли коррупцион ёки давлат мулкини ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларга қўл ургани ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келамиз.
Биргина Қашқадарё вилояти мисолида олсак, ўтган йили Кўкдала тумани ҳокимининг ўринбосари маҳаллий тадбиркордан тамагирлик йўли билан 15 миллион сўм олаётган вақтида қўлга тушган эди. Жорий йилда эса Деҳқонобод тумани ҳокимининг икки ўринбосари, Чироқчи туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи, ўнлаб ҳоким ёрдамчилари ҳамда яна қатор мансабдор шахсларга нисбатан содир этган турли жиноятлари учун суд ҳукмлари ўқилди.
Халқимизда “билиб-билмай...” деган ибора бор. У моҳиятини тўлиқ англамасдан ёки эҳтиётсизлик, чорасизлик оқибатида хато қилган кишиларга нисбатан ишлатилади. Аммо юқорида тилга олинган мансабдорларга нисбатан бундай деб бўлмайди. Чунки уларнинг аксарияти муқаддам ҳам худди шундай жиноятларни содир этганликда айбланиб, судлангани, шунга қарамай яна амал курсисига қайтгани маълум.
Масалан, Кўкдала тумани ҳокими ўринбосари аввал ҳам Жиноят кодексининг 167-моддаси асосида айбланиб, судланган. Чироқчи тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Ф. Жуманов эса 2022–2025 йиллар давомида уч марта турли жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган. Аммо бу ҳолатлар унинг яна раҳбарлик лавозимида фаолият юритишига тўсқинлик қилмаган. Натижада у тўртинчи марта жиноятга қўл урган.
Ёки 2022 йил май ойидан 2024 йилнинг сўнгигача Шаҳрисабз туманининг “Шаматон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган Д. Муҳиддинов мисолини олайлик. У 2012 йилда талончилик жиноятини содир этгани учун суд томонидан жазога тортилган. 2017 йилда эса фирибгарликка қўл ургани сабабли суд ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2019 йил март ойида жазонинг ўталмай қолган 4 йилу 8 ойи суд ажрими асосида шу муддат давомида ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. 2020 йил сентябрь ойида эса яна суд ажрими асосида жазонинг қолган қисмидан тўлиқ озод этилган.
Шунга қарамай, Д. Муҳиддиновга қайта ишонч билдирилиб, масъулиятли лавозимга тайинланган. Хўш, натижа қандай бўлди? У амал курсисига ўтиргач, “банкдан имтиёзли кредит олиб бераман” деган ваъда билан шу маҳаллада яшовчи тўрт нафар фуқародан жами 26 миллион 400 минг сўм пул маблағини олган, аммо на ваъдани бажарган, на пулни қайтарган. Шунингдек, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредит олмоқчи бўлган яна тўрт нафар фуқаронинг ҳужжатларини қўлга киритиб, улар номига жами 121 миллион сўм кредит расмийлаштириб, маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Суриштирув ва тергов ҳаракатлари жараёнида Д. Муҳиддинов жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаган. Бироқ бу ҳолат уни қилган қилмиши учун қонун олдида жавобгарликдан озод этмади.
Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг очиқ суд мажлисида мазкур иш кўриб чиқилиб, Д. Муҳиддиновга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 9 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, у икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда мансабдорлик лавозимларини эгаллаш ҳамда моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Албатта, содир этилган ҳар қандай жиноят кун келиб ўз жазосини олиши муқаррар. Аммо бир неча марта мансабни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар учун жазоланган шахсларнинг яна қайта-қайта масъул лавозимларга тайинланавериши кишини ўйлантиради.
Тўғри, уларнинг судланганлик ҳолати тугалланган ёки берилган жазо муайян лавозимни эгаллашига ҳуқуқий жиҳатдан тўсқинлик қилмаслиги мумкин. Бироқ бу лавозимларга рақобат жуда кучли: битта вакант ўрин учун камида 15–20 нафар номзод даъвогар бўлади. Масъул комиссия аъзолари эса уларни ҳар томонлама ўрганиб, энг муносибини танлаб олиши лозим. Шундай экан, йиллар давомида умри тергов, суд идоралари ва жазони ўташ муассасалари орасида ўтган шахс қандай қилиб яна “энг муносиб” деб топилаётгани жуда аянчли ҳолат.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- “Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан” — Парагвай Президенти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг