Жанубий Корея Шимолий Кореяни Россиядан қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирмоқда

14:30 25 Октябр 2024 Дунё
339 0

Архив фото

Жанубий Корея Россиянинг Шимолий Корея билан мудофаа шартномасини имзолаш ташаббусидан жиддий хавотир билдирди ва ўз қўшнисини Украинадаги урушда Москвага қўшин етказиб беришда айблади.

Пайшанба куни Россия парламентининг қуйи палатаси Москва ва Пхеньянга ҳужум қилинган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олган шартномани бир овоздан маъқуллади. Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги жума куни эълон қилган баёнотда Сеул Шимолий Корея қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетиш ва ноқонуний ҳамкорликни тўхтатишни қатъий талаб қилган.

“Ҳукумат халқаро ҳамжамият билан биргаликда Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка қатъий муносабатда бўлади ва уларнинг ҳарбий ҳамкорлиги ривожланиб бориши сабабли тегишли чораларни кўради”, — дейилади Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Шу ўринда Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Шимолий Корея қўшинларининг Россияга киритилишини глобал хавфсизликка таҳдид солувчи провокация сифатида қоралади. Бунгача Россия ва Шимолий Корея ҳарбий ҳамкорлиги фонида Жанубий Корея Украинага қурол-яроғ етказиб бериш масаласини кун тартибига олиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалганди.

“Агар Шимолий Корея Россия ҳамкорлиги доирасида Украина урушига махсус кучларни юборса, биз Украинани босқичма-босқич қўллаб-қувватлаймиз, шунингдек, Корея ярим оролида хавфсизликни таъминлаш учун зарур чораларни кўриб чиқамиз ва амалга оширамиз”, — деди Юн Сок Ёл Польша билан музокаралардан сўнг қўшма матбуот анжуманида.

“Биз ўлимга олиб келадиган қуролларни тўғридан-тўғри етказиб бермаслик тамойилини сақлаб қолган бўлсак-да, Шимолий Корея ҳарбий фаолиятига қараб, ўз позициямизни янада мослашувчан тарзда кўриб чиқишимиз мумкин”, — дея қўшимча қилган Жанубий Корея етакчиси.

Америка Қўшма Штатлари ва Жанубий Корея расмийлари чоршанба куни Шимолий Кореянинг 3000 нафар аскари Россиянинг бир қанча жойларида борлигидан хабардор эканликларини маълум қилган.

Украина ҳарбий разведка хизмати пайшанба куни маълум қилишича, Россияда тайёргарликдан ўтган Шимолий Корея фуқаролари аллақачон Россиянинг Украина билан чегарадош ва йирик жанглар майдонига айланган Курск вилоятига жойлаштирилган.

Пайшанба куни Қозондаги БРИКС саммити якунланар экан, Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея қўшинларининг ҳаракатини акс эттирувчи сунъий йўлдош тасвирлари ҳақидаги саволларни четлаб ўтди. Ким Чен Ин билан ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги келишувни имзолаган Путин журналистларга Москва ўзаро мудофаа бандини қандай амалга ошираётгани бу ўзининг иши эканлигини айтган.

Бунгача Шимолий Кореянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги миссияси Россияга қўшин юборгани ҳақидаги даъволарни асоссиз миш-мишлар, деб рад этган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер