Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифидан фоторепортаж
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифини таомилга кўра, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Шундан сўнг Президентимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга оид лойиҳа билан танишган эди.
Кейин эса Президентимиз Самарқандга ташрифи чоғида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.
Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев “Самарқанд – Ургут” янги темир йўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Ушбу темир йўл қурилиши жорий йил февраль ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, “Ургут” иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди. Эътиборлиси, мазкур линияни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.
Янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.
Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради.
Давлатимиз раҳбари Ургут туманидаги “Ferre Group” корхонасининг маиший техника ишлаб чиқариш лойиҳаси фаолияти билан танишди.
Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги мазкур корхона кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратилган қулай имконият ва ишончли инвестиция муҳити натижасида ташкил этилган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси саналади.
Дастлаб хориждан келтирилган бутловчи буюмлар асосида бир неча турдаги маиший техника воситаларини йиғиш билан фаолият бошлаган корхона бугунга келиб музлаткич, газ плита, кичик печ, чангюткич ва дудбурон, бошқа уй-рўзғор буюмлари, замонавий темир эшиклар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда мустаҳкам ўринга эга йирик компанияга айланган.
Бу ерда “Dorsa”, “Kleo”, “Ferre” каби брендлар остида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан тайёрланаётган маҳсулотлар Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжонга экспорт қилинмоқда. Ички бозордаги рақобат муҳитида ҳам “Ferre” ўз ўрнини топган брендга айланган. Корхонанинг йиллик қуввати ҳозирда ўртача 440 миллиард сўмлик 250 минг дона маҳсулотни ташкил этиб, бу кўрсаткич йил сайин ошиб бормоқда.
Ишлаб чиқариш жараёнида “Embraco”, “LG”, “DOW”, “Midea” каби дунёдаги етакчи компаниялар материаллари ва бутловчи қисмларидан фойдаланилади. Бугунги кунда корхона маҳсулотларининг маҳаллийлаштириш даражаси қарийб 85 фоизни ташкил этади.
Шу куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Президентимиз Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.
Вилоят фаолларининг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Президентимиз янги ҳокимга у иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ҳамда энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари масъулларнинг ҳисоботлари ва режаларини тинглади.
Президент Шавкат Мирзиёев Рақамли соғлиқни сақлаш маркази ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиаллари фаолияти билан танишди.
Охирги бир йилда мамлакатимизда тиббиётни рақамлаштириш ишлари бутунлай янги босқичга кўтарилди. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида Рақамли соғлиқни сақлаш маркази очилди.
Ушбу марказнинг Самарқанддаги филиалида олиб борилаётган ишлар давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди. Вилоятдаги тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш ишларининг бориши, касалликлар, беморлар ва дори воситалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ҳамда уларга ишлов бериш учун қўлланилаётган дастурий ечимлар ва сунъий интеллект технологиялари, буларнинг барчаси амалда қандай натижалар бераётгани тўғрисида батафсил ахборот берилди.

































































Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи» олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг