Заҳарли тутунни тутиб бўлмайди, айбдорларни-чи?

Шу йилнинг 19 июль куни тонг пайти Навоий шаҳри осмонини чангга ўхшаш қалин тутун қоплади. Олтмиш йилдан буён бир қатор саноат корхоналарининг атмосферага чиқараётган ташланмалари остида яшаётган навоийликлар ушбу тутун бошқача эканлигини дарҳол фарқлашди. Сабаби тутун ўткир ҳидли бўлиб, кишида йўтал қўзғатарди. Аҳоли эътирози ва норозиликлари ўзаро суҳбат, матбуот ва ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айланди.
Ҳолат ҳақиқатда жиддий бўлганлиги учун вилоят ҳокими раҳбарлигида шу куннинг ўзида тегишли масъуллар билан муҳокама қилиниб, прокуратура, вилоят Фавқулодда вазиятлар, вилоят Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари, мутасадди идоралар, шунингдек, депутатлар ва жамоатчилик фаолларидан иборат иккита мустақил ишчи гуруҳ тузилди. Ўрганиш ишлари олиб борилиб, қатор расмий муносабатлар берилди. Эҳтирослар жиловланиб, ўрганиш натижалари ҳали эълон қилинмасидан ҳолат яна такрорланди.
“Таҳлилларга кўра мазкур ҳолатларга нисбатан ижтимоий тармоқларда норозилик билдириб, 3 мингдан ортиқ пост ва шарҳлар ёзилган. 50 га яқин тармоқларда ҳолатларни акс эттирувчи видеолар сиздирилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сиздан Навоий шаҳри ва шаҳар атрофида экологик ҳолатни яхшилаш, келгусида аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган оқ чангсимон тутунни атмосфера ҳавосига кўтарилишини олдини олиш ва бу ҳолатларни жамоатчилик етказиш ҳамда депутатлар олдида ҳисобот беришини таъминлаш мақсадида Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан бошқарма бошлиғининг ҳисоботини Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартиби муҳокамасига киритишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман”, дейилади “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси раҳбарининг халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашига киритган хатида.
Вазият ва ўрганишлар натижаси халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг XV сессияси кун тартибига киритилиб, Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Рустам Эргашев ҳисоботи тингланди.
—Вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган гуруҳлар асосан, I ва II тоифалардаги корхоналарда ўрганишлар олиб борди, — дейди Р. Эргашев. — Ўрганишлар жараёнида белгиланган экологик тартиб 22 та корхонада қўпол равишда бузилганлиги ҳамда бетартиб чиқиндихоналар яратилганлиги аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этгунча мазкур корхоналар фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилинди. Шунингдек, 19 та корхона фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди.
Бундан ташқари “Навоий азот” АЖ корхонаси фаолияти ўрганилганида, корхона ҳудудида ҳосил бўлган чиқиндиларни белгиланмаган жойларда сақланиши ҳолатлари аниқланди. Шунингдек, қурум, яъни “сажа” чиқиндиси ёқиб юборилганлиги натижасида атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилганлиги аниқланиб, акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари ҳамда 56-цех бошлиғига нисбатан тегишли тартибда чора кўриш мақсадида тўпланган материаллар судга юборилди.
Ўрганишлар жараёнида “Электрокимё заводи” АЖ ҳудудида фаолият олиб бораётган “Согда кимё заводи” МЧЖда ишлаб чиқариш фаолияти учун экологик хулосаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли 10 кун муддатга тўхтатилиб жамият раисига нисбатан чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар судга юборилди. (Суд қарори билан атроф-муҳитга етказилган зарар учун корхонага 7,38 млрд. сўм жарима белгиланди).
Шунингдек, хулосасиз иш юритган, атмосферага назоратсиз моддалар чиқарган “Ферросплав” МЧЖ ҳамда белгиланган меъёрларни бузган — водород сулфиди 40 баробар, аммиак 7 баробар меъёрдан ортиқ бўлган “Zarafshon industrial technology” МЧЖ фаолияти тўхтатилди ва 10 кунлик муҳлат ичида камчиликларни бартараф этиш топширилди.
Жорий йилнинг 24 июль куни тунги вақтда ўтказилган тезкор мониторинг назорат тадбирларида Кармана туманининг тоғ ҳудудларида фуқароларга тегишли 24 та ноқонуний қозонхоналарда оҳак пишириб, ишлаб чиқарилаётганлиги аниқланди. Қонунбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланиб, тўпланган материаллар суд идораларига юборилди ва хумдонлар бузиб ташланди.
Рустам Эргашев Навоий шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларида атмосфера ҳавосидаги вазиятни ҳалокатли (“катастрофический”), дея баҳолаб, унинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қатор чора-тадбирларга тўхталиб ўтди. Ушбу тадбирлар бўйича ҳали иш қилинмаганлиги сабабли уларга батафсил тўхталиб ўтирмаймиз. Бироқ ушбу ҳалокатли вазиятни юзага келтирган корхона қайси, у атмосферага чиқарган чиқиндининг таркиби нимадан иборат, унда “Навоий азот”нинг айби қанча?
— Корхонамиз олтмиш йилдан буён фаолият кўрсатиб келади, — дейди “Навоий азот” АЖ бошқаруви раиси Фаррух Самадов. — Тўғри, бундан саккиз йил олдин корхонамиз атмосферага ташлаётган чиқинди газлар миқдори анча юқори эди. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан корхонамизга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилиб, атмосферага чиқиндилар чиқараётган, 1964-1971 йилларда қурилган цехларимизнинг 72 фоизи тўхтатилди. Қолганлари ҳам ПДК (Потенциально допустимый концентрация), яъни ташланмалар миқдорига олинган хулосаларга қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритмоқда. Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керакки, корхонамиз атмосферага чиқараётган ташланмалар асосан, аммиакли бирикмалардан иборат. Яъни ҳаводан анча енгил, шу сабабдан ерга қараб ҳаракат қилмайди. Ушбу вазиятга олиб келган ташланмалар эса, таҳлиллар бўйича Олтингугурт 2, олтингугурт 4, Олтингугурт 6 оксидлари ҳамда хлорид, хлор-водород бирикмаларидан иборат. Бу газлар массаси ҳаводан уч баравар юқори бўлганлиги ҳамда тонг пайти намлик юқори бўлганлиги сабабли реакцияга киришиб, туман ҳосил қилиш хусусиятига. Мана шу бирикмаларнинг катта миқдордаги концентрацияси шаҳар ва бошқа ҳудудларга тарқалаётганини камераларимиз орқали кузатиб тақдим этдик.
Хуллас, мазкур вазиятнинг асосий айбдори ҳозирча аниқ эмас. Кимдир уни иқлим ўзгариши, сўнгги йилларда фаолияти йўлга қўйилган кимё корхоналари, баъзилар эса ҳатто шаҳардаги 130 дан ортиқ умумий овқатланиш нуқталарининг кўмирдан фойдаланиши билан боғлашмоқда. Мутасадди идоралар бу борадаги ноаниқлик ва турли гумон ва шубҳаларга мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 31 майда қабул қилинган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросидан ечим излаш кераклигини таъкидлайдилар.
Мазкур ҳужжатнинг 9-бандида атроф табиий муҳитни ифлослантирувчи манбаларнинг мониторингини сифатли олиб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган графикка асосан 2026 йил 1 январга қадар атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектларга, 2026 йил 1 июлга қадар – II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектларга атмосфера ҳавосига устувор турғун (ташкиллаштирилган) ифлослантирувчи манбалардан чиқадиган ташланмаларни таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш мажбурияти юклатилган. Ушбу турдаги станциялар атмосфера ҳавосининг ифлосланишини кузатиш ва таҳлил қилиш учун ўрнатилади. Улар атмосферага чиқаётган зарарли моддаларнинг миқдорини аниқлаб, атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш имконини беради. Бундан кўзланган мақсад эса атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи манбаларни назорат қилишдир.
Навоий вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси раҳбариятининг сўзларига кўра, бу станциялар атмосферага чиқаётган турли зарарли газлар ва моддаларни аниқлаб, уларнинг миқдорини ўлчайди. Улар I ва II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектларга ўрнатилгач, вазирликка интеграция қилинади. Яъни, экологлар қайсидир завод ҳавога белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда заҳарли газ ёки модда чиқарса, станция узатган маълумот ва сигналдан билиб олишади. Ҳозирча эса, жамоатчилик назоратидан фойдаланишни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Дарвоқе, сессияда муҳокама этилган масалани маълумот ва чора-тадбирлар юзаки бўлганлиги сабабли Кенгашнинг кейинги йиғилишларида қайта кўриб чиқишга қарор қилинди.
Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг