Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади

18:19 21 Февраль 2026 Ҳужжатлар
2070 0

Ҳукумат қарори (73-сон, 20.02.2026 й.) билан нодавлат суд-экспертиза соҳасини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.

Унда айтилишича, мазкур қарор билан қуйидаги тартиблар белгиланган:

  • Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш;
  • Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш;
  • Нодавлат суд эксперти бўлиш истагини билдирган шахсларни қайта тайёрлаш, нодавлат суд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш ҳамда уларни қўшимча экспертиза турлари бўйича қайта тайёрлаш;
  • Нодавлат суд экспертларини Суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларнинг ягона реестрига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш.

Шунингдек, мазкур қарор билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, эндиликда, нотижорат ташкилот сифатида фаолият кўрсатиши ҳамда якка тартибда суд-экспертлик бюроси шаклида ҳам ташкил этилиши белгиланди.

Муқаддам, нодавлат суд-экспертиза ташкилотини ташкил этиш учун суд эксперти сертификатига эга камида 3 нафар суд эксперти бўлиши лозим эди. Шунингдек, мазкур ҳужжат билан ушбу соҳада илк бор нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларнинг ягона реестрига киритиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Унга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари Давлат хизматлари марказлари томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказилади.

Бундан ташқари, Ҳукумат қарори билан суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг бевосита амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш белгиланди. Унга кўра, ўқув режаси ва ўқув амалиёт дастурлари ишлаб чиқилиб, таълим жараёнининг 40 фоизи назарий, 60 фоизи амалий қисмга ажратилади ҳамда тингловчиларга таълим жараёнининг назарий қисми тегишли давлат таълим муассасасида, амалий қисми тегишли давлат суд-экспертиза муассасасида ташкил этилади.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжатга асосан нодавлат суд экспертларининг касбий ва амалий тайёргарлик даражасини аниқлаш ҳамда уларнинг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузурида Эксперт-малака комиссияси фаолиятини йўлга қўйиш тартиби белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?