“Янги Ўзбекистон” массиви — барчаси бир ҳудудда жамланган

14:29 22 Декабрь 2025 Жамият
205 0

Бугун Янги Ўзбекистон деган тушунча фақат ғоя ёки шиор эмас, балки ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳаллада ўз ифодасини топаётган реал ҳаётий жараён. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳолини арзон, сифатли ва замонавий уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари ана шу улуғ мақсаднинг амалий натижасидир.

Айни пайтда Сурхондарё вилояти ҳам кенг кўламли янгиланишлар майдонига айланиб бормоқда. Бойсун, Сариосиё, Жарқўрғон, Ангор ва Термиз туманларида фойдаланишга топширилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари вилоят аҳолиси ҳаётига янги мазмун, янги руҳ олиб кирмоқда. Уларда фақат турар-жой эмас, балки яшаш, ўқиш, ишлаш ва дам олиш учун мўлжалланган мукаммал муҳит яратилмоқда.

Айниқса, Термиз туманидаги Янгиобод маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ўз кўлами ва қамрови билан вилоятдаги энг йирик лойиҳалардан бири сифатида эътиборни тортади. Бу ерда 6 минг 280 хонадонли 74 та осмонўпар кўп қаватли уйлар, 2 минг 640 ўринли иккита мактаб, 420 ўринли иккита мактабгача таълим муассасаси, 200 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника, маҳалла маркази қад ростламоқда. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” боғи, амфитеатр, музей, олий таълим муассасаси ва ётоқхона, саноат зонаси барпо этилаётгани бу ҳудудни том маънодаги янги шаҳарчага айлантирмоқда.

— Бу массив фақат уй-жойлар мажмуаси эмас, балки Сурхондарёнинг эртанги қиёфасини белгилаб берадиган стратегик лойиҳадир, — дейди вилоят ҳокимининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Муродбек Давлатов. — Барча ижтимоий, маданий ва иқтисодий объектларни бир ҳудудда жамлаш орқали одамлар учун қулай ҳаёт муҳити яратилмоқда. Бу ерда болалар боғчасидан тортиб олий таълим муассасасигача, иш жойидан дам олиш масканларигача барчаси мавжуд. Бунда Янги Ўзбекистон сиёсатининг ҳудудлардаги аниқ ифодасини кўриш мумкин.

Янги йил арафасида мазкур массив янада файзли тус олди. Вилоятнинг асосий Янги йил арчаси айнан шу ерда — амфитеатр майдонида ўрнатилиб, концерт дастурлари ва оммавий байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу ҳолат ҳам рамзий маънога эга: Янги йил, янги орзулар ва янги ҳаёт — барчаси “Янги Ўзбекистон” массивида мужассам.

Бу ерда яшаб, янги ҳаёт бошлаётган оилаларнинг қувончи эса ҳар қандай рақам ва ҳисоботдан кўра эътиборлироқ. Ёш оила вакили Моҳинур ва Фаррух Ҳайдаровлар шулар жумласидандир.

— Илгари ижарада яшардик, ўз уйинг бўлмаганидан кейин келажакка ишонч ҳам мустаҳкам бўлмас экан, — дейди Фаррух. — Бу ердан уй олиб кўчиб келганимиздан кейин ҳаётимиз ўзгарди. Ҳамма нарса яқин: боламиз боғчага боряпти, атроф тоза, хавфсиз. Бу массивда яшаш фақат шароит эмас, руҳий хотиржамлик ҳам беряпти. Болаларимиз замонавий муҳитда улғайяпти. Энг муҳими, ўз уйимиз бор.

Дарҳақиқат, Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви бугун Сурхондарёнинг ташриф қоғозига айланмоқда. Осмонўпар бинолар, ижтимоий соҳа объектлари, боғу амфитеатр, музей ва саноат зонаси — барчаси бир ҳудудда жамланиб, вилоят тараққиётининг ёрқин рамзига айланмоқда.

Марказий Янги йил арчасининг ҳам айнан шу ерда ёниши бежиз эмас. Бу — янги ҳаётга ишонч, эртанги кунга умид ва Янги Ўзбекистон ғоясининг Сурхондарёдаги амалдаги ифодасидир.

Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер