Янги йил дастурхонига янги узилган қулупнай

15:47 25 Декабрь 2023 Жамият
1111 0

Фото: Архив сурат

Қулупнай, асосан, баҳор ва куз ойларида дастурхонларни безайдиган резавор мева бўлиб, халқимиз уни севиб истеъмол қилади. Томорқачиларнинг омилкорлиги туфайли бу тансиқ мева бугунги кунда иссиқхоналарда етиштирилиб, қиш ойларида ҳам бозор расталарини безамоқда.

Сурхондарёлик томорқачи Адҳам Мамадуллаев халқимизнинг Янги йил байрами дастурхонига янги узилган қулупной тортиқ қилишга аҳд қилган эди. Бугун унинг 5 сотихлик иссиқхонанинг 3 сотихида пишиб етилган марварид мисол қулупнайларни кўрган кишининг кўзи қувнайди.

Термиз туманининг Солиобод маҳалласида яшовчи томорқачи аслида очиқ майдонда баҳор ва куз ойларида қулупной экиб, йилига 150 миллион сўм даромад топаётган эди. Қулупнайни иссиқхонада етиштириш эса оилани йил бўйи даромад билан таъминлайди.

— Дастлабки тажрибамиз жуда муваффақиятли бўлди, — дейди А. Мамадуллаев. — Шу йил октябрь ойида иссиқхонага 3000 туп совуққа чидамли “корейский” навли қулупной кўчатини эккандик, қаранг, янги йил арафасида ҳосил пишди. Чунки кўчатларни замонавий Корея технологияси асосида парваришлаяпман. Ҳозир ҳар куни бозорга янги узилган қулупной чиқаряпмиз. Маҳсулотимиз жуда харидоргир, қўлма-қўл бўлиб кетяпти. Ҳар туп қулупной кўчатидан 14-15 дона ҳосил оламиз. Ҳар дона қулупной меваси эса 70 — 80 грамм тош босади. Баҳор ва куз ойларида очиқ майдонда ва иссиқхонадаги 3000 туп қулупнайдан йил якуни билан 200 миллион сўм даромад келмоқда.

Гап шундаки, Адҳам Мамадуллаев Солиобод маҳалласида ёшлар етакчиси вазифасида ишлайди. Маҳалладаги 1200 нафардан зиёд йигит-қизга ўзи томорқасини гуллатиб қўйиб, ибрат кўрсатмоқда. Ўтган йили маҳаллада ишсиз ёшлар сони 92 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 6 нафар бандлиги таъминланмаган йигит-қиз бор, холос. 10 нафар ёш аукционда қатнашиб, 20 сотихдан ер эгаси бўлишди ва меҳнати ортидан мўмайгина даромад топмоқда.

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?