Уран ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш чоралари кўрилмоқда

14:36 09 Декабрь 2022 Жамият
929 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз уран хомашёси ишлаб чиқариш ва унинг захиралари бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторида туради. Мазкур стратегик хомашёни ер қаъридан қазиб олишда сульфат кислотаси билан бирга кислород ҳам зарур бўлиб, «Навоийуран» давлат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми ортгани сайин ушбу компонентларга талаб ҳам ошиб бормоқда.

Шу боис корхонанинг Геотехнологик конига қарашли 7- ва 5-ЛСҚ ўртасида мобил кислород ишлаб чиқариш станциялари жойлаштирилди.

— Бу эса ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизликни таъминлаш ва вақтдан самарали фойдаланиш имконини беради, - дейди «Навоийуран» ДК матбуот хизмати ходими Ўткир Ўсаров. — Таъкидланганидек, ушбу унсур ер остида уранни танлаб эритмага ўтказишда асосий оксидловчи элемент ҳисобланади.

Мазкур станциялар Россия Федерациясининг Санк-Петербург шаҳрида ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳар бир контейнер соатига 100 куб метр тоза концентрацияли кислород ишлаб чиқариш қувватига эга.

Таъкидлаш жоиз, «Навоийуран» ДК алоҳида фаолиятини бошлаганидан буён (илгари НКМК таркибида эди) биргина жорий йилнинг ўзида «Бурғулаш ускуналарининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш участкаси», 1-геотехнологик кони «Аулбек» участкасида Ишчилар қўрғончаси каби объектларни қуриб, фойдаланишга топширди. Шунингдек, Германия, Франция ва Япония каби мамлакатларнинг тармоқда етакчи компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

Мазкур янгиланишлар Президентимизнинг жорий йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган мавжуд захираларни кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш бўйича вазифалар ижросини таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?