Туркий давлатлар ташкилоти: қарашлар муштараклиги ва умумий келажак сари

Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) улкан Евросиё минтақасининг марказий ва муҳим қисмларини бирлаштирувчи, тарихий муштараклик ва янгича қарашлар ила келажак томон интилаётган замонавий халқаро тузилма сифатида жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб бормоқда. Аъзо давлатлар фаолиятидаги барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни қамраб олувчи ва ривожлантиришга кўмаклашувчи ушбу ташкилот айни пайтда самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунасига айланди. Ташкилотга аъзо давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 2024 йилда 2 триллион АҚШ доллари атрофида бўлган бўлса, яқин келажакда уни 2,5 триллион АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган.
Туркий давлатлар ташкилотининг асосий мақсади — қардош давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, энергетика, туризм, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.
Аъзо давлатлар ўз олдига ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро муносабатларни муҳокама қилиш ва чуқурлаштириш учун платформа яратиш, ўзаро ишонч, дўстлик, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада ва бутун дунёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш вазифаларини қўйган. Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар умумий манфаатларга эга бўлган ташқи сиёсат масалалари бўйича, жумладан, халқаро ташкилотлар ва форумлар доирасида келишилган позицияларни ишлаб чиқишдан манфаатдор.
Минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни барча йўналишларда рағбатлантириш, савдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар, капитал, хизматлар, технологияларнинг эркин ҳаракатланиши ва молия-банк операцияларини соддалаштириш, ҳар томонлама ва мувозанатли иқтисодий ўсиш, ижтимоий ва маданий ривожланишга йўналтирилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим мақсадлардир.
Ўзбекистон Республикаси мазкур ташкилотга 2019 йилда қўшилган бўлса-да, ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон бир қатор муҳим таклиф ва ташаббуслар билан, жумладан ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, умумий меросни асраб-авайлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш дастурларини ҳаётга татбиқ этишда ўзини намоён этмоқда.
Мазкур тузилма илгари Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан юритилган бўлиб, Ўзбекистон Президенти таклифи билан 2021 йил ноябрдан бошлаб у Туркий давлатлар ташкилоти номини олган эди.
2022-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига раислиги даврида ташкилот доирасида катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2022 йилнинг ноябрь ойида “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида Самарқанд саммити ўтказилди.
Самарқанд саммити якунлари бўйича “2022-2026 йилларга мўлжалланган Туркий давлатлар ташкилоти стратегияси”нинг қабул қилиниши муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Ушбу ҳужжат туркий мамлакатларнинг “Туркий нигоҳ – 2040” концепциясини амалга ошириш бўйича биринчи йўл харитаси бўлди.
Жорий йилнинг 6-7 октябр кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ўтказилган ташкилотнинг навбатдаги саммити ҳам жуда самарали бўлди, деб айтиш мумкин.
Мазкур анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан:
— минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказиш;
— Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилиш ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
— Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштириш;
— Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, “Туркий яшил йўлаклар“ тизими ва “Яшил трансформация“ консорциумини ташкил этиш;
— Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқиш;
— Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлаш, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш;
— Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилиш;
— Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси“ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш;
— Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этиш;
— Экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
— 2026 йилда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида“ мавзусида халқаро конференцияни ўтказиш.
Мухтасар айтганда, Туркий давлатлар ташкилотининг Габала шаҳрида бўлиб ўтган саммити Ўзбекистоннинг тузилма салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича янги ташаббусларини илгари суриш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди. Саммит натижалари эса, шубҳасиз, туркий дунёнинг умумий фаровонлиги ва тараққиёти йўлида ўзига хос пойдевор бўлади.
РУСТАМ РАШИДОВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,
Фан доктори (DSc), профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг