Трамп 36 та давлат фуқароларини АҚШга киришини чекламоқчи. Улар орасида Ўзбекистон ҳам борми?

11:16 15 Июнь 2025 Дунё
266 0

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти яна 36 та давлат фуқаролари учун виза тақиқлари ёки кириш чекловларини жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бу жорий ой бошида эълон қилинган саёҳат чекловларини кескин кенгайтириш бўлади. «The Washington Post» нашрининг ёзишича, ҳужжат 60 кун ичида белгиланган талабларга жавоб бермаган мамлакатлар учун қисман ёки тўлиқ кириш тақиқлари киритилишини назарда тутади.

Янги рўйхатга киритилган давлатлар орасида 25 та Африка мамлакати, Кариб денгизи ҳавзаси давлатлари, Марказий Осиё ва Тинч океани оролларидаги бир қатор мамлакатлар бор. Бу рўйхатда АҚШнинг муҳим ҳамкорларидан саналадиган Миср ҳамда Жибути ҳам қайд этилган. Давлат департаменти вакили ички муҳокамалар юзасидан изоҳ беришдан бош тортган, Оқ уй эса ҳозирча расмий муносабат билдирмаган.

Давлат котиби Марко Рубио томонидан имзоланган мазкур хат шанба куни АҚШ дипломатик ваколатхоналарига юборилган. Унда рўйхатдаги давлатларга Давлат департаменти томонидан белгиланган янги мезонлар ва талабларни бажариш учун 60 кунлик муҳлат берилган. Дастлабки режани тақдим этиш учун эса уларга чоршанба куни соат 8:00 гача вақт белгиланган.

Ҳужжатга кўра, айрим давлатларда ишончли шахсий маълумотлар ва фуқаролик ҳужжатларини тақдим эта оладиган марказлашган ҳукумат органлари мавжуд эмас. Яна айрим мамлакатларда ҳукумат соҳасида кенг кўламли фирибгарликлар кузатилган. Баъзиларида эса АҚШда визаси тугаганидан сўнг ҳам қолиб кетаётган фуқаролар сони юқори бўлиши таъкидланган.

Тақиқлар қачон кучга кириши ҳозирча аниқ эмас. Аммо рўйхатдаги давлатлар орасида қуйидагилар бор: Ангола, Антигуа ва Барбуда, Бенин, Бутан, Буркина-Фасо, Кабо-Верде, Камбоджа, Камерун, Конго (ДРК), Жибути, Доминика, Эфиопия, Миср, Габон, Гамбия, Гана, Кот-д’Ивуар, Қирғизистон, Либерия, Малави, Мавритания, Нигер, Нигерия, Сент-Китс ва Невис, Сент-Люсия, Сан-Томе ва Принсипи, Сенегал, Жанубий Судан, Сурия, Танзания, Тонга, Тувалу, Уганда, Вануату, Замбия ва Зимбабве.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?