Тошкентда ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний халқаро савдосига қарши кураш масаласи муҳокама қилинди
19–20 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Ноқонуний халқаро савдо объекти бўлган ёввойи ҳайвонларни аниқлаш. Уни бартараф этишнинг қонуний асослари” мавзусида тренинг бўлиб ўтди.
Тренинг “Марказий Осиёда ҳайвонот дунёси жиноятларига қарши курашиш салоҳиятини ошириш ва уларга кўмаклашиш” халқаро лойиҳаси доирасида ташкиллаштирилди.
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Республика кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида ташкил этилган тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Фанлар академияси Зоология институти вакиллари, “ЭКОМАКТАБ” ЭРМ, халқаро лойиҳа экспертлари ва бошқалар иштирок этди.
Экология вазирлигининг Биологик хилма-хилликни сақлаш сиёсати бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқов ўз нутқида ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноқонуний савдоси халқаро жиноий фаолиятнинг энг даромадли турлари орасида тўртинчи ўринда туришини, наркобизнес, одам савдоси ва бошқалардан бир оз ортда қолганини таъкидлади.
“Ноқонуний савдони камайтириш мақсадида Экология вазирлиги ва Божхона қўмитаси ўртасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини экспорт/импорт қилишга рухсатномаларни ўтказиш, шунингдек ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ноқонуний олиб кириш/экспорт пайтида қонунни бузган шахсларга нисбатан маълумотларни тўплаш ва тегишли халқаро хизматларга юбориш учун маълумотлар базасига киритиш ҳамда энг қаттиқ чораларни қўллаш тизимларини интеграциялаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, – деди А.Садиқов.
Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро меъёрий ҳужжатлар (CИТEС) асосида ёввойи ҳайвонларни олиб кириш/экспорт қилиш қоидалари, ёввойи ҳайвонлар савдоси таҳлили натижалари ва ёввойи ҳайвонлар турларини аниқлаш усуллари билан таништирилди. Шунингдек, тренинг доирасида ёввойи ҳайвонлар турларини, сохталаштирилган CИТEС сертификатларини аниқлаш, жиноят сенарийлари ва ҳуқуқбузарларни қўлга олиш жараёнлари билан интерактив тарзда амалий машғулотлар ўтказилди ҳамда иштирокчиларга ўқув курсларини тамомлаганликлари тўғрисидаги сертификатлар берилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон 1997 йилда Олий Мажлис қарорига мувофиқ йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенцияга (CИТEС) қўшилган.
5600 га яқин ҳайвон ва 30 000 ўсимлик турлари CИТEС томонидан муҳофаза қилинади, уларнинг ҳар бири конвенциянинг учта иловасидан бирида санаб ўтилган ва улар учун зарур бўлган ҳимоя даражасига мувофиқ халқаро савдо назорат қилинади.
Мамлакатимизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турлари билан савдо қилиш соҳасидаги экологик қонун ҳужжатларини, шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси (CИТEС) соҳасида лицензиялаш тартиб-қоидаларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги қарори (2014 йил 20 октябрь, 290-сон) билан тартибга солинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг