Тошкентда «Hotel Business Forum-2023» ўз ишини бошлади

09:25 03 Март 2023 Маданият
1043 0

Фото: «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 2 март куни «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида «Hotel Business Forum-2023» тадбири бўлиб ўтмоқда. Тадбирни Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков очиб берди.

«Меҳмонхона бизнеси форуми барча туризм саноати иштирокчиларини бирлаштириш мақсадида мамлакатимизда хизмат кўрсатишни ривожлантириш ва такомиллаштириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг халқаро стандартлари ва нормаларини жорий этиш мақсадида ўтказиб келинади, – деди вазир. – Шу сабабдан меҳмонхона индустриясини ривожлантиришнинг асосий «локомотиви» сифатида ИТ соҳаси, экология, хизматларни рақамлаштириш, таълим ва кадрлар масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бугунги тадбирнинг асосий мақсадидир».

2023 йилги форум «Меҳмондўстлик тенденциялари: хизмат кўрсатиш соҳасида ҳамкорликдан ИТ ечимларигача. Ўзбекистондаги меҳмонхоналар. Лойиҳалар ва бинолар» мавзусига бағишланган. Унда Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси миссияси бошлиғи ўринбосари Раҳел Боэсч, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси ўринбосари Элис Волкен, халқаро экспертлар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, туроператорлар, маркетологлар, меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи провайдерлар, глобал брендлар вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Отелерлар Ассоциацияси томонидан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда «Radisson», «Hilton», «Accor», «Marriott», «Wyndham» каби дунёга машҳур халқаро меҳмонхоналар тармоқларининг минтақавий етакчилари ҳам қатнашмоқда.

Қайд этиш жоизки, форумнинг биринчи кунида қатор сессиялар ўтказилди. Мутахассислар «Меҳмондўстликда яшил кўникмалар», «Меҳмондўстлик соҳаси секторини ривожлантиришда яшил иқтисодиёт: Ўзбекистонда меҳмонхоналарни лойиҳалаш ва қуришдаги тажриба ва муаммолар», «Яшил технологияларга сармоя киритиш: нима учун барқарор туризм тор тенденциядан глобал ҳодисага ўтади?», «Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги инвестицион жозибадорлиги, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда давлат томонидан кўмаклашиш», «Тўғридан-тўғри сотиш – Ўзбекистон меҳмонхона бизнесидаги янги тенденция», «Меҳмонхона бизнесида хизматларни автоматлаштириш: амалий тажриба» ва бошқа шу каби долзарб мавзуларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Бундан ташқари, тадбирда меҳмонхона хизматларининг етакчи провайдерлари бўлган «HoReCa» сегменти учун тўлиқ маҳсулот ва хизматларни тақдим этувчи Интерактив B2B кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма мебель, интерьер буюмлари, профессионал тўқимачилик, кийим-кечак, хавфсизлик тизимларини автоматлаштириш ва бошқа соҳаларни қамраб олди.

«Hotel Business Forum-2023» 3 март куни давом этади. Тадбирнинг иккинчи кунидан муҳим мавзуларни қамраб оладиган сессиялар, муҳокамалар ва ИИ Миллий меҳмондўстлик мукофотини топшириш маросими ўрин олган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?