Тоғли оҳаликларнинг орзуси ушалди

15:33 10 Июнь 2025 Жамият
83 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд туманидаги Оҳалик маҳалласи тоғлар бағрида жойлашган. Уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада радио ва телевидение ишламасди. Барча хонадонлардаги телевизорлар фақат видеомагнитофонларга уланганди. Малакали шифокорлар, ўқитувчилар, тадбиркорлар етишиб чиққан маҳаллада интернет кириб келгани катта янгилик бўлди. Энди улар ҳам телефонларидан фойдаланиб, телевизор орқали жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлмоқда.

— Уйда ўтириб жаҳоннинг хоҳлаган мамлакатига қўнғироқ қилиш имкониятига эга бўлдик, — дейди мактаб ўқитувчиси Замира Хидирова. — Бир пайтлар Ўзбекистон телерадиоканалларини кўриш орзумиз эди. Ҳозир телевизор кўриш билан бирга, хориждаги яқинларимиз билан кунора видеочақириқ орқали суҳбатлашиб турибмиз.

Кейинги пайтда интернет ва замонавий алоқа воситалари ҳар бир оҳалик хонадонига кириб, юқори тезликда ишламоқда. Саккиз юз нафар истеъмолчи учун 2 та оптик алоқа нуқталари ўрнатилган. Улар ёрдамида сониясига 1,5 гб. интернет алоқаси етказиб берилмоқда.

— Уйимиз туман марказидан олисда бўлгани учун интернет ўтказишга ёрдам беришларини сўраб мутасаддиларга мурожаат қилдик. Улар зудлик билан 3 та хонадонга интернет тармоғини ўтказиб беришди, — дейди шу маҳаллада яшовчи Феруз Нурмаҳаммедов. — Уйимизга сифатли интернет алоқа тармоғи кириб келганидан хурсандмиз.

Ушбу маҳалладаги 80 фоиз аҳоли «Mobiuz», «Ucell», «Ўзбектелеком», «Uzmobile» каби мобил алоқа операторларининг хизматларидан фойдаланиб келмоқда.

— Мазкур алоқа операторларининг антенна базалари қишлоқнинг энг баланд нуқтасига ўрнатилди, — дейди Самарқанд туман телекоммуникация боғламаси муҳандиси Одилжон Мирзаев. — Ҳар бир компания ўзларига тегишли бўлган базаларининг доимий ишлашини таъминламоқда. Тоғ ҳудудида тўсатдан электр энергияси ўчиб қолса, алоқа ҳам тўхтайди. Буни бартараф этиш учун қуёш батареялари, аккумулятор, генератор ва бошқа муқобил манбалар ёрдамида алоқа қайта йўл қўйилмоқда.

Самарқанд туманида ҳам телекоммуникация инфратузилмаси яхшиланиб, ҳозиргача 1,4 минг километр узунликда оптик толали алоқа линиялари тортилди. Кенг полосали портлар сони 58,7 мингтага, истеъмолчилар сони 23,5 минг нафарга етди.

— Иш юритишдан тортиб, таълим, тиббиёт ва кундалик мулоқотгача бўлган кўплаб соҳалар телекоммуникация инфратузилмасининг ривожига боғлиқ, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. — Вилоятимизда аҳолини барқарор алоқа, юқори тезликдаги симли ва мобил интернет билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг мақсади интернет тезлигини ошириш ва вилоятимизнинг 100 фоиз ҳудудини алоқа қамрови билан қамраб олишдир.

Бугунги кунда вилоятда оптик толали алоқа линиялари узунлиги 25,1 минг километрга, кенг полосали портлар сони 763,3 минг етказилди. Айни пайтда абонентлар сони 296,3 мингтани ташкил этади. Алоқа ўтказувчанлиги вилоят бўйича сониясига 600 Гб бўлса, туманларда 60 Гбни ташкил этмоқда. Вилоятнинг энг чекка ҳудудлари бўлган Нурободдаги Саҳоба, Тутли, Хазармали, Оймахол, Қўшработдаги Қизилбулоқ, Дўлана, Сунбул, Хўжасой, Бегали ва Шағолсой каби қишлоқлар туман марказидан узоқда жойлашган. Мазкур тоғли қишлоқ аҳолиси учун юқори тезликдаги телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилгани уларни бутун дунё билан боғлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?