Тил ёрар Бесаранг ҳандалаклари

18:03 28 Май 2025 Жамият
155 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Тошлоқ тумани марказидан 15 км олисда ва қўшни Ёзёвон тумани билан чегарадош ҳудудда жойлашган «Бесаранг» МФЙ аҳли азалдан деҳқончиликдаги миришкорлиги билан машҳур. Катта Фарғона канали бўйида жойлашган бесарангликлар узоқ йиллар мобайнида ўз томорқаларида мазаси тил ёрар ҳандалак етиштириб, Фарғона водийсида тилга тушган. Бугунги кунда интенсив усулда экспортбоп қовун етиштириш маҳалла драйвери ҳисобланади.

Ҳозирги кунда маҳалладаги 1026 та оилада 4226 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бесарангликлар уста деҳқонлари, шу билан бирга узоқ умр кўрувчи пиру бадавлат инсонлари ҳам танилган. Бу маҳаллада бир асрлик умр довонидан ўтган нуронийлар кўпчиликни ташкил этади.

Ибодат ая Қодирова бугун маҳалланинг ана шундай кайвони, дуогўй оналари сирасига киради. Салкам 90 ёшли онахон 9 нафар фарзандни тарбиялаб, элга қўшди. Ўз вақтида моҳир ҳандалак етиштирувчи бўлган оиланинг барча фарзандлари ўқимишли, деҳқончиликда янгиликка интилувчи ва интенсив ғоялар ташаббускори.

Фарзандларининг бири муҳандис, бири технолог. Ўзи билан бирга яшовчи Ихтиёржон ўғли Бесарангда Нидерландия қовуни экилиши ва оммалашиши ташаббускори бўлган. Халқ селекционери бугунги кунда ушбу мамлакатнинг жаҳон бозорида харидоргир яна бир нави уруғини олиб келиб, ўз томорқасида илмий-амалий тажрибалар ўтказмоқда. Агар ушбу қовун нави ҳам маҳаллий иқлим шароитига тез мослашиб олса, кенг миқёсда экиш учун маҳалладошларига тавсия этади.

— Раҳматли онам 105, отам 96 ёшга кириб ўтган, — дейди Ибодат ая. — Ота уйида ҳам 9 нафар фарзанд улғайганмиз. Ҳозир 92 ёшга кирган акам бор. Тез-тез бир-биримизни йўқлаб, жигарчилик меҳридан баҳраманд бўлиб турамиз.

Онахоннинг айтишича, Бесарангда узоқ умр кўрувчилар кўплиги уларнинг меҳнаткашлиги ва самимийлиги билан боғлиқ. Бу ерда ҳамма бир-бирини танийди ва ўзаро меҳр-оқибатли. Қўни-қўшничилик муносабатлари жуда яхши.

— Катта ҳовлида набира келиним билан бирга яшайман, — дея суҳбатимизни давом эттиради файзли хонадон соҳиби. — Касал бўлиб, бир жойда ўтириб қолмаслик учун ҳар куни маҳалла бўйлаб сайрга чиқаман. Кўпинча чеварамни аравачага солиб беришади. Шу эрмак баҳона кўчада қадрдон одамларни кўриб кайфиятим кўтарилади. Болалардан бобоси ёки бувисининг исмини сўрайман, шу орқали кимнинг авлоди эканлигини бир зумда таниб оламан.

Томорқада рўзғорга бакор келадиган ҳамма нарса бор. Бу оила бозордан деярли ҳеч нарса сотиб олмайди. Мевалар, қовун, бодринг, кўкатларнинг илк ҳосилини онахон қўшниларига тарқатди. Сигири болалаганда эса келини орқали янги соғилган сутни бир ҳафта навбати билан маҳалладаги нуронийларга олиб киришни тайинлайди. Онахоннинг таъбирича, бу каби эҳсон, мурувват юртда барака ва файз бўлишини таъминлайди.

Ибодат ая бир умр қишлоқ хўжалигида ишлади. Ҳаёти оғир ва машаққатли меҳнат билан ўтган бўлсада, ҳамон жуда бардам, ҳаётсеварлиги боис тиниб-тинчимайди.

— Бир ҳовуч ерда райҳон парваришлаб, унинг хушбўй ифоридан тўйиб-тўйиб нафас олганда барча чарчоқлар унутилади, — дейди Ибодат ая. — Ҳалол меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Шу боис болаларим қандай ишда фаолият кўрсатмасин, ҳамиша астойдил деҳқончилик қилишга ундайман. Одам бировдан умидворлик кайфияти билан яшамаслиги керак.

Маҳалла болалари момони жуда яхши кўради. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки меҳрибон бувижоннинг чўнтагида доимо қуритилган мева қоқилари, майиз, қанд-қурс бўлади. Келини янги нон ёпганида, кичкинтойлар учун алоҳида кулча нонлар тайёрлатади. Хонадонида қўшни болаларни йиғиб, иссиқ нон ва новвот чой билан меҳмон қилади. Момонинг эски сандиғида йилнинг тўрт фаслида ҳам тоза асал, қандак ўрик, ҳолва қанд топилади. Омбордаги табиий музлатгичда узум, анор, олма, беҳи, хурмо каби меваларни сақлайди.

— Ибодат ая чин маънода Бесарангнинг файзи, — дейди маҳалла раиси Дилмурод Қосимов. — Турли байрам тадбирлари, тўй-маъракада онахонимиз доимо давра тўрида ўтиради. Мароқли суҳбатини эшитиб тўймайсиз. Шу сабабли ҳазиломуз оҳангда, Ибодат онани маҳалланинг тирик тарихи, деймиз.

Бир пиёла чой устида маза қилиб суҳбатлашарканмиз, момо ўз қўллари билан янги узилган қовун билан меҳмон қилди. Меҳрини дастурхонга пойандоз қилиб сийлади. Хайрлашиш чоғида жуда эски, лекин ҳеч қачон эскирмас, ибратли бир гапни айтди:

— Аслида ярим коса обиёвғон билан одамнинг қорни тўяди. Аммо ғанимат дунёда хонадонингизга йўқлаб келувчи азиз инсон худди дунёни олиб бергандек бўлади. Ота-боболардан мерос меҳр-оқибат туйғулари асло завол топмасин. Биз ҳамиша меҳмонга мунтазирмиз, бизни йўқлаб келсаларинг бошимиз кўкка етади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер