Терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди

15:15 20 Декабрь 2021 Жамият
869 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Доҳа шаҳрида «Терроризм ҳамда терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизмга нисбатан Миллий ҳаракатлар режаларини амалга оширишда парламентаризмнинг роли» мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Шарафутдинов, Козим Тожиевлар иштирок этди.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Ш.Шарафутдинов миллий ҳаракатлар режаларини реализация қилиш самарадорлигини ошириш бўйича маъруза билан чиқиш қилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари халқаро тадбир доирасида Қатар давлати Шура Кенгашининг Спикери ўринбосари Хамда бинт Хасан ал-Сулаити хоним билан учрашди. Хамда хоним Қатар давлатининг парламенти ҳақида маълумот берди. Қатар парламенти биринчи бор сайловлар орқали шакллантирилганлиги айтиб ўтди. Шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий соҳаларда улкан марраларга эришилаётганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга Қонунчилик палатаси депутатлари БМТ терроризмга қарши курашиш бошқармаси директори ўринбосари Мауро Миедико ҳамда Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА) вакиласи Асуман Эрдоган билан ҳам учрашди. Унда парламентлар ўртасидаги, шу жумладан терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш умумий ҳаракатларнинг пойдевори эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, 2022 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида БМТнинг глобал антитеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганлигининг 10 йиллиги муносабати билан халқаро конференция бўлиб ўтиши ва Ўзбекистон халқаро терроризмга қарши фаол курашаётган давлатлардан бири эканлиги таъкидланди.

Халқаро анжуманда терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?