ТДИУ талабалари Россияда ўтказилган халқаро олимпиадада фахрли ўринларни эгаллади

Жорий йилнинг 29 сентябридан 3 октябригача Россия Федерациясида ўтказилган V халқаро молиявий хавфсизлик олимпиадаси ўз якунига етди. Ушбу нуфузли илмий мусобақанинг финал босқичида 40 та давлатдан 600 нафардан ортиқ иқтидорли талабалар иштирок этди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари мазкур халқаро олимпиадада мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори натижаларга эришди. Хусусан, университетнинг Молия факультети талабаси Мадина Усмонова ҳамда Иқтисодиёт факультети талабаси Юлдуз Маҳмудова фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медаль соҳибаси бўлди.
Эътиборлиси, ушбу олимпиада биринчи даражали халқаро илмий танловлар қаторига киради. Ғолиб ва совриндор талабалар “Молиявий хавфсизлик” йўналиши бўйича хорижий нуфузли олий таълим муассасаларида танловсиз грант асосида таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса ТДИУ талабалари учун халқаро таълим майдонида янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида шаклланган юқори илмий муҳит, профессор-ўқитувчиларнинг илмий раҳбарлиги, “Устоз-шогирд” мактаби ва талабаларнинг амалиётга қаратилган назарий билим олишлари бугун ўз натижасини кўрсатмоқда.
Хусусан, университетда барча бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича халқаро рейтинглардаги ТОП-300 таликка кирувчи нуфузли олий таълим муассасаларининг ўқув режалари, фан дастурлари ва компетенцияларга асосланган малака талаблари чуқур ўрганилган ҳолда миллий тизимга интеграция қилинган. Университетнинг 6 та таълим йўналиши нуфузли халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан сифат назорати ва баҳолашдан муваффақиятли ўтган.
Университетда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш мақсадида, соҳа ишлаб чиқариш ташкилотларида кафедра филиаллари ташкил этилган. Талабалар ўз мутахассисликлари бўйича олган назарий билимларини амалиёт муҳитида –тижорат банклари, молия ташкилотлари, суғурта компаниялари ва бюджет ташкилотларида мустаҳкамламоқда.
ТДИУда талабалар иқтидорини юзага чиқариш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижаси ўлароқ, биргина жорий ўқув йилининг ўзида университет талабаларидан 2 нафари Президент давлат стипендияси, 1 нафари Ислом Каримов номидаги стипендия, 16 нафари Навоий номидаги стипендия, 3 нафари Президент гранти соҳиби бўлди. 300 га яқин иқтидорли талабалар халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, 80 нафари совринли ўринларни қўлга киритди, республика фан олимпиадаларида эса 25 нафар талаба юқори натижаларга эришди.
ТДИУ талабалари “Ал-Хоразмий” халқаро олимпиадасида фахрли учинчи ўринни, Россиянинг Красноярск шаҳридаги V Халқаро молиявий хавфсизлик олимпиадасида иккита кумуш медаль, Болгария ва Туркманистондаги халқаро математика танловларида университет жамоаси якка ва жамоавий тарзда биринчи ўринни қўлга киритган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг