Тарихга тутилган тилсим
Қачон борманг, музейлар бизга ўтмишдан хабар берувчи ойнадир. Улар нафақат қадимги асарларни сақлайди ва тарихий воқеаларни ёрқин намойиш этади, балки ҳар биримизга ўтмишни ҳис қилиш, унинг сирли ва муҳим лаҳзаларини англаш имконини беради.
Нукус шаҳридаги кўркам ва маҳобатли музейлардан бири — Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейидир. Ушбу музейга кирган ҳар бир киши қадимий қўлёзмалар ва асарлар орқали тарихий воқеаларни ўз кўзи билан кўради. Бино Шарқ меъморчилиги намунасида барпо этилган, олд қисмида саккиз қатор устунлар жойлаштирилган ва деворлари Шарқнинг етти буюк донишманд ва шоирлари — Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Махтумқули, Абай, Бердақ, Жиен Жиров ва Кунхўжалар сиймолари билан безатилган. Музей бир катта ва олтита кичик гумбаздан иборат. Музейнинг ички деворларида қорақалпоқ халқининг бутун тарихи, миллий ўзлиги ва маданий мероси акс эттирилган. Шунингдек, музейда сақланаётган қўлёзмалар, китоблар ва бебаҳо экспонатлар маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларнинг диққатини тортади.
– Яқинда Ислом цивилизацияси марказига бордим, — дейди музей директори Шаригул Пайзуллаева. — У ерда Қорақалпоғистон ҳудудидан топилган қадимги меъморий ёдгорликлар — “Қўйқирилган қалъа”, “Қирқ қиз қалъа”, “Тупроқ қалъа”, “Аяз қалъа”, “Ойбуйир” меъморий ёдгорликларига оид экспонатлар билан танишдим. Қадимги Қиёт шаҳрида туғилган буюк олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий мероси, Ажиниёзнинг ғояларини мужассам этган шеърлари, қорақалпоқ қизларининг миллий кийимлари, юзларига мос тақинчоқлар ва нафис нақшлар билан безатилган кўк кўйлаклари намойиш этилди. Буларни кўриб, ўз адабиёт музейимда ҳам ташриф буюрувчилар учун “мультимедиали LED-экранли экспозиция” ташкил этиб, ҳар бир қўлёзма, ҳар бир шеър ва ҳар бир экспонат орқали ўтмиш ва ҳозирни ҳис қилишларига имкон яратишни ният қилдим.
Музейлар — бу фақат сирли кўргазмалар ва бебаҳо экспонатлар жойи эмас. Улар инсонни ўтмишга олиб борувчи, тарих ва маданият билан боғлайдиган кўпқиррали макон ҳисобланади. Улар орқали биз узоқ даврлардан келган воқеалар, халқнинг ғоялари ва миллий руҳи билан танишамиз.
– Тарихий, археологик ва меъморий ёдгорликларни музейлаштириш масаласи ҳам долзарб, – дея давом этади Ш. Пайзуллаева. – Бунинг учун экспозицияда ёдгорликлар ҳақида тўлиқ маълумотлар жамланиши, уларнинг суратлари ва макетлари жойлаштирилиши лозим. Шунингдек, ушбу ёдгорликлар ҳақида халқ орасида сақланиб қолган ривоят ва афсоналар, таниқли шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ҳақида ҳам маълумот бериб бориш зарур. Масалан, Қорақалпоғистонда “Қирқ қиз” номли тарихий-меъморий ёдгорлик мавжуд. Қирқ қизларнинг мардлиги ва жасоратини тараннум этувчи “Қирқ қиз” қорақалпоқ халқ достони машҳур. Шунингдек, “Аяз қалъа” ҳақида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибрайим Юсупов томонидан асар яратилган. Назлимхон сулув қорақалпоқ адабиётида садоқат тимсоли сифатида тасвирланиб келинади. Бу мавзуда Қорақалпоғистон халқ шоирлари Т.Сейтжанов ва Қ.Давлетназаровлар ҳам асарлар яратган. Шунингдек, “Қорақалпоқфильм” киностудияси томонидан ушбу мавзуларга бағишланган қисқа лавҳали фильмлар ҳам суратга олинган.
Ҳозирги кунда Президентимизнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда музейлар инфратузилмасини ривожлантириш ва тарихий-меъморий ёдгорликларни асраб-авайлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистондаги музейлар ҳам ушбу дастурга киритилган бўлиб, уларнинг экспозициялари модернизация қилиниб, замонавий технологиялар — интерактив экранлар ва виртуал экскурсиялар орқали сайёҳлар ва ёшлар учун янада қизиқарли қилиб тақдим этилмоқда. Агар музейда республикамиз ҳудудидаги археологик ёдгорликлар макетлари, суратлари ва улар ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда, қорақалпоқ адабиёти тарихида халқимизнинг энг йирик маънавий бойликлари ҳисобланган ёдгорликларнинг бадиий адабиётдаги акс этиши ҳам ёритилса, тарих янада жонлироқ ва қизиқарлироқ бўлади. Музейга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар ва юртдошларимиз тарихий-меъморий ёдгорликларнинг аҳамиятини уларнинг адабий тасвири орқали ҳам тушуниш имконига эга бўладилар.
Ғайрат ОТАЖОН
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг