Таниқли ижодкор қутлуғ ёшда
Фото: Yoshlikjurnali.uz
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таржимон ва олим Муҳаммад Али табаррук 80 ёшга кирди.
Ижодкор кенг қиррали ижодий фаолияти давомида 40 дан ортиқ китоблар чоп этди. Шеърий китоблари, достонлари, пьесалари, тарихий романлари ва қиссалари, ҳикояларини, публицистик руҳдаги асарларини халқимиз севиб мутолаа қилиб келмоқда.
Адиб бадиий таржимада ҳам салмоқли ижод қилмоқда. Ҳинд эпоси «Рамаяна», қорақалпоқ эпослари «Шаҳриёр», «Маспошшо», шунингдек, Ҳоқоний, Гёте, Бёрнс, Шиллер, Байрон, Пушкин, Лермонтов, Махтумқули, Бердақ, Абай, Тагор, Ҳамзатов асарларидан намуналар ҳам Муҳаммад Али томонидан ўзбек тилига ўгирилган. У «Шаҳриёр» эпоси таржимаси учун Бердақ номидаги мукофотга лойиқ кўрилган.
Ижодкорнинг асарлари жаҳоннинг йигирма бешдан ортиқ тилларига таржима қилинган.
Ўзининг қутлуғ ёшини нишонлаган ижодкорга мустаҳкам соғлиқ-саломатлик, омонлик, хотиржамлик тилаймиз. Янгидан-янги асарлари билан адабиёт ихлосмандлари қалбини хушнуд этаверсин!
ҲАЁТ АБАДИЙ
Том бошида ёйилган хирмон,
Дон шопирар буғдойранг аёл.
Гоҳ кўзлари бўлиб нигорон
Йироқлардан чорлайди шамол.
Ғув-ғув эсиб қолар шабада,
Дон қуйилар ғалвирдан шов-шув.
Пастда эса мўъжаз кулбада
Ўғилчаси ётар беуйқу.
Ҳув нарида, тоғлар бошида
Куйлаб ётар шалола шов-шув
Ва аёлнинг шундоқ қошида
Сирғанади шабада ғув-ғув…
Дон шовуллар, шовуллар хаёл,
Мавжудот ҳам қайтарар садо.
Эсишини ҳеч қўймас шамол,
Ғалвирда ҳам дон бўлмас адо...
КEЛМАДИ
(Навоий ғазалига мухаммас)
Хаста дил эрдим, девона, оҳ, у дилжў келмади,
Ул чамандин ғойибона ёки хуш бў келмади,
Ёди бирлан ёна-ёна тилга бир «ҳў» келмади,
Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади.
Аҳли ишқнинг толеиму не жафо еткурса ёр,
Наки танда бор мадору наки дилда бир қарор,
Гоҳ турармен ўлтириб, дунё бўлиб кўзимға тор,
Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаю ул шўхи бадхў келмади.
Гоҳ нурафшон, тийра гоҳи, бир муаммодир ҳаёт,
Неча бор шарҳ айлабон, қолсам не тонг минг бора мот,
Эмдиким не наф ўзинг, гар ерга ур, осмонга от,
Оразидек ойдин эрконда гар этти эҳтиёт,
Рўзғоримдек ҳам, ўлғонда қоронғу, келмади.
Ул ситамкор сабридинким сўзладим хор, хокисор,
Ул жафокор жабридинким бўзладим мен зор–зор,
Не ажаб дил қонмаса, ортиқ ўзимдан этмай ор,
Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,
Кимса бормуким анга кўрганда кулгу келмади?
Заъфарон эрсам вале сўлмам, ки сўлдурманг мени,
Бўлдиму қонимға ташна, қайта бўлдурманг мени,
Менку ундан олмағум кўз, зинҳор олдурманг мени!
Кўзларингдин неча сув келгай деб ўлтурманг мени,
Ким бори қон эрди келган, бу кеча сув келмади.
Севгига Тур тоғи бир ён, бир тараф чоҳи адам,
Олмашиб тургай наво, ҳар бир навода зеру бам,
Ваҳ, унга ҳасрат – оно, ғурбат – ото, сингил – ситам,
Толиби содиқ топилмас, йўқсаким қўйди қадам
Йўлғаким, аввал қадам маъшуқи ўтрў келмади.
Ул гули ҳумро келур, фармониға сунғил бўйин,
Эй Али, дард созин ол, чалгил гирифторлик куйин,
Гар келурман, дебди ёр, бас, сен шукур қилғил, суйин,
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглинг уйин,
Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади...
Муҳаммад АЛИ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг