Табиат бизсиз яшай олади, биз эса...

11:12 06 Август 2025 Жамият
234 0

Ёз фаслида Сурхондарё вилоятидаги гўзал ва баҳаво табиий ҳудудлар — тоғлар, адирлар, кўллар ва дарёлар сайёҳлар билан гавжумлашади. Бундай салқин ва сўлим гўшаларда ҳордиқ чиқаришни ким ҳам хоҳламайди, дейсиз. Аммо, ҳордиқ ўз йўлига-ю, табиатга келтирилаётган зарар ҳаддан зиёд кўпайиб бораётгани ачинарли-да. Гўзалликка бурканган бундай бетакрор ҳудудларни чиқиндилар билан ифлослантириш, назоратсиз олов ёқиш, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига зарар етказиш каби ҳаракатлар ҳамон учраб турибди. Албатта, бундан табиат унсиз “озор” чекмоқда. Энг ёмони уни биз эшитмаяпмиз, тўғрироғи эшитишни истамаяпмиз.

Яқинда Шеробод туманида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудида юз берган ёнғин воқеаси жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотди. Расмий маълумотларга кўра, бу ёнғин ҳаво ҳароратининг ҳаддан зиёд исиб кетиши оқибатида содир бўлгани айтилган бўлса-да, инсон омили, яъни сайёҳларнинг бепарволиги туфайли келиб чиққани ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки бундай ҳудудларда олов ёқиш, ёнувчан буюмлар қолдириш, ахлат тўплаш ва бошқа эътиборсизликлар қўриқхона табиий мувозанатига катта зарар етказади.

Бойсун туманидаги Назарий қишлоғидаги “Зарафшон” арчаларига етказилган зарар ҳам кимнингдир шўхлиги ёки табиатга нописандлиги десак, муболаға бўлмайди. Бундай ноёб арчалар Ўзбекистоннинг табиий мероси ҳисобланади. Уларнинг шикастланиши бутун биохилма-хилликка салбий таъсир кўрсатади. Ҳудуд аҳолиси ва фаол фуқароларнинг маълум қилишича, сайёҳлар ўзларидан кейин пластик идишлар, елим қоплар, озиқ-овқат қолдиқларини қолдириб кетмоқда. Баъзи чиқиндилар ҳатто дарёларга оқизилмоқда. Бу нафақат сув ифлосланишига, балки келгусида касалликлар тарқалиши ва жонзотларнинг йўқолиб кетишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

— Ҳудудимиздан оқиб ўтувчи дарё бугунги кунда чўмилувчилар билан тўлиб кетган, — дейди Бойсун тумани Хўжабулғон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Соҳиб Қувондиқов. — Аммо уларнинг аксарияти тозалик қоидаларига риоя қилмайди. Пластик идишлар, пакетлар, озиқ-овқат қолдиқлари дарё бўйи ва сув ичида тўпланиб, катта ахлат уюмларини ҳосил қилмоқда. Бу ҳолат табиатга бевосита зиён етказиши билан бирга, инсон саломатлигига ҳам катта таҳдиддир.

Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бундай аянчли ҳолатларни бартараф этиш учун вилоят Миллий гвардияси вакиллари билан ҳамкорликда назорат тадбирларини ўтказмоқда. Улар томонидан жойларда ўрганиш ва тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Баъзан жарима ва маъмурий жазолар ҳам қўлланилмоқда. Бироқ шунга қарамай, муаммо долзарблигини йўқотмаяпти. Фақат жарима билан масала ҳал бўлмайди. Аҳолининг, айниқса ёшларнинг онгу тафаккурига табиатни севиш ва ҳимоя қилиш маданиятини сингдириш лозим.

— Бугунги кунда вилоятимизда экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда, — дейди Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг маъмурий амалиёт бўйича бош мутахассиси Ихтиёр Эргашев. — Табиатга келтирилаётган зарар фақат қонунбузарлик нуқтаи назаридан баҳоланмаслиги керак. Масала кўп жиҳатдан инсоннинг онги ва табиатга муносабати билан боғлиқ. Шу боис, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари, экосайрлар, “Табиат — умумий уйимиз”, “Тоза соҳил — соғлом муҳит” каби акциялар ўтказилмоқда. Мактаб ва коллежларда ўқув семинарлари, маҳаллаларда кўчма учрашувлар ташкил этилмоқда.

Экологик маданият — бу оддий “ахлат ташлама” деган шиор эмас, балки табиатни чин дилдан севиш ва уни ардоқлаш туйғуси юракларда ловуллаб туриши дегани. Шу жиҳатдан айтиш жоизки, табиат бизсиз яшай олади, биз эса гўзал ва бетакрор табиат манзараларисиз, шарқираб оқаётган сойлару пурвиқор тоғларсиз, баҳаво кенгликларсиз яшай олмаймиз. Шундай экан, уни асраш ва муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини унутмайлик.

Фарҳод ЭСОНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер