Сув мўл бўлса...

12:42 28 Ноябрь 2024 Жамият
286 0

Саид ДОНИШЕВ/«Халқ сўзи». Сув тақчиллиги юзага келаётган бир пайтда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш мураккаб вазифа саналади. Ана шу омиллар ҳисобга олинган ҳолда мамлакатимизда аграр тармоқда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва каналларни бетонлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, сув ҳисобини юритишни ташкил этиш мақсадида илғор тажрибалар жорий этиляпти, соҳага рақамлаштириш татбиқ қилинмоқда, жойлардаги сув етказиб бериш хизмати фаолияти қўллаб-қувватланяпти.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишда қилиниши зарур бўлган вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган эди. Ушбу йиғилишда янги лойиҳалардан бири сифатида Дўстлик туманида йўлга қўйилган сув бошқарувининг ақлли тизими самараси алоҳида қайд этилиб, бу амалиётни эндиликда республикамизнинг ҳар бир вилоятидаги сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда йўлга қўйиш топшириғи берилди. Айни пайтда тумандаги “Мевазор” маҳалласидан ўтувчи Р-12 каналини бетонлаш ишлари олиб борилмоқда.

1967 йилда қурилган мазкур каналнинг умумий узунлиги 18,5 км бўлиб, у орқали 4,5 минг гектар майдон сув билан таъминланади. Канал дастлабки қурилиши пайтида тўлиқ бетонланган бўлсада, йиллар ўтиб маънан эскирди. Натижада сув ўтказиш қуввати 60 фоизга тушиб кетди. Шу сабаб канал янги лойиҳа асосида қайта таъмирланмоқда.

— Сувни тежаб ишлатиш, унинг йўқотишларсиз охирги ҳудудгача етиб боришида сув тармоқларининг ўрни катта. Биласизми, биздаги маълумотларга қараганда, эскирган каналлар ҳисобига юртимизда йилига 13 миллиард куб метр сув йўқотилар экан. Шу сабабли, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан келгуси йилда бетонлашга 800 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Айнан ноябрь-март ойлари каналларни бетонлаш учун энг қулай вақт ҳисобланади. Бу борада лойиҳа ва экспертиза хулосаларини ташкил этиш орқали қурилиш ишларини сифатли ўтказишга алоҳида эътибор қаритишимиз керак, — дейди “Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси” бошлиғи ўринбосари Жавлон Ўролов.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимиздаги ерларни суғоришга 1 минг 600 дан зиёд насос станция ишлатилмоқда. Улар ўзига яраша электр энергияси талаб қилади. Шу боис мутахассислар томонидан 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлиши белгилаб олинган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида тежамкор насос ва қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига электрни тежашни 20 фоизга етказиш имкониятлари кўрилади.

Биргина Жиззах вилоятида мавжуд 35 та насос станциялардан жорий йилда 7 тасини давлат-хусусий шерикчилик асосида талабгорларга бериш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилган. “Арнасой-3” насос станцияси ҳам Ғаллаорол туманидаги хусусий корхонага берилган. Насос станцияси бугун қуёш панеллари билан жиҳозланган. Агрегатларни ишлаши, ташкил этилган ёрдамчи хўжаликлар масъулларнинг доимий эътиборида.

Сув тақчиллиги кузатилаётган бугунги мураккаб бир шароитда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва каналларни бетонлаш бўйича танланган йўл тўғри бўлгани бугунги ҳисоб-китобларда ўз аксини топмоқда.

— Дўстлик туманидаги мавжуд 33 минг 500 гектар экин майдони 3 та манба орқали сув билан таъминланади. 1 минг 88 та контурдан иборат жами майдонга сув етказиб берувчи 115 км узунликдаги каналлар эскиргани ва бошқа омиллар сабаб сув йўқотишлари бугун 30 фоизни ташкил этмоқда. Туманимизда сув ресурсларини автоматик бошқариш ва ҳисобини юритиш бўйича “Пилот лойиҳа”си ишлаб чиқилган бўлиб, бу тизимни жорий қилишдан аввал Хитой ва Австралияда йўлга қўйилган илғор тажрибалар ўрганилди, самараси таҳлил этилди. Шу орқали хитойлик инвесторлар билан лойиҳа устида бир йил давомида иш олиб борилди. Бажарилган ишларга кўра, тумандаги сув тақсимланадиган 2 мингта нуқтага ҳисоблагич ва видеокамера ўрнатилиб, қаерга қанча сув бораётгани аниқ кўриниб турадиган тизим йўлга қўйилди. Эндиликда автоматлашган бошқарув орқали 20 фоиз, суғориш тармоқларини таъмирлаш ҳисобига яна 10 фоиз сув тежалади, — дейди туман сув етказиб бериш хизмати раҳбари Беҳзод Қуролов.

Замонавий технологиялар асосида сувдан оқилона фойдаланиш ва улар орқали ҳосилдорликни ошириш аниқ фактларга асосланган бўлиб, обиҳаётдан тежаб фойдаланиш бугун ва эртанги кун учун ўта муҳим масала саналади.

Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил этишга давлатимиз раҳбари бошчилигида алоҳида эътибор қаратмоқдаки, ўзига хос занжир тизимида йўлга қўйилаётган амалий ишлар албатта эртанги кунда соҳада озиқ-овқат захирасини яратишга, маҳсулот етиштиришни таъминлаш ва уларнинг экспортини оширишга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?