Султон Жалолиддин ва Шайх Кубро жасорати — матонат ва фидойилик тимсоли
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон нашриёти” давлат муассасаси томонидан 2025 йилда “Буюклар болалиги” ижтимоий лойиҳаси асосида “Буюклар ҳаёти — ёшларга ибрат” шиори остида 13 номдаги китоб нашр этилди. Улар шонли тарихимизни ўзларининг ибратли ҳаёти билан безаган Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Беруний, Ибн Сино, Паҳлавон Маҳмуд, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний каби алломалар ҳақида ҳикоя қилади.
Шулардан бири – мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун мўлжаллаб ёзилган “Султон Жалолиддин ва Шайх Кубро” тарихий достони болалар шоири Нуруллоҳ Остон (Нуруллоҳ Остонов) қаламига мансуб бўлиб, енгил ўқилиши ва болалар томонидан осон идрок қилиниши жиҳати билан аҳамиятлидир. Шоир асарда мураккаб сўзларни деярли ишлатмайди ҳамда ўзига хос ташбеҳлар қўллаш орқали мураккабликдан қочади. Равонлик ва соддалик, халқ оғзаки ижодига, сўзлашув тилига яқинлиги асарнинг бадииятини янада оширган. Асар композицияси яхлитлиги, ундаги мавзуларнинг тизимлилиги, изчиллиги ҳамда бир-бирига боғлиқлиги, уйғунлиги ўқувчини зериктирмайди.
Муаллиф ўша давр тарихий воқелигини чуқур ўргангани, бунинг учун ўша даврда турли тарихчи ва ижодкорлар томонидан ёзилган манбаларга мурожаат қилгани асардан кўриниб турибди.
Шу маънода мактаб ёшидаги болалар учун мўлжаллаб ёзилган “Султон Жалолиддин ва Шайх Кубро” тарихий достони композицияси яхлитлиги, ундаги мавзуларнинг тизимлилиги, изчиллиги ҳамда бир-бирига боғлиқлиги билан ажралиб туради.
Достонда XIII аср бошларида Чингизхон бошлиқ мўғил қўшинларининг Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳукмронлик қилаётган салтанатга бостириб кириши, Хоразмшоҳнинг фарзанди, тахт вориси султон Жалолиддин Мангубердининг душманга қарши мардонавор ва жасорат билан кураш олиб боргани, ёв қўшинлари салтанат пойтахти бўлган Урганч шаҳрига бостириб кирганида валийлар валийси, 76 ёшли шайх Нажмиддин Кубронинг 360 муриди билан уларга қарши қилич кўтариб жанг қилганларини қаламга олинган.
Шунингдек, шайх Нажмиддин Кубронинг кароматлари ва жангдаги жасоратларини тасвирлаган Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа алломаларнинг асарларидан иқтибослар келтирилган.
Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Чингизхон лашкарлари 1020 йилда хоразмийлар салтанатига бостириб кирганидан кейин ўтган 11 йил ичида Жалолиддин ўзининг оз сонли қўшини билан уларга қарши 300 дан кўп марта юзма-юз чиқиб жанг қилади ҳамда аксарият ҳолларда ўзига хос жанг услуби билан душманни енгишга муваффақ бўлади.
Лекин қўшин ичидаги парокандалик, лашкарбошиларнинг ўзаро келишолмаслиги жанг тақдирини ҳал қилади. Султон Жалолиддин ёлғиз ўзи душман қуршовини ёриб ўтиб, оти билан Синд дарёсига ташлайди. Нариги қирғоққа ўтиб, Чингиз лашкари билан жанг қилиш учун қўшин тўплайди.
Достон поёнида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 29 августда Урганчда ўрнатилган Жалолиддин Мангуберди ёдгорлиги мажмуаси очилиши муносабати билан юрт озодлиги учун курашган буюк саркарда ҳамда Нажмиддин Кубродек аллома аждодларимиз руҳига ҳурмат бажо келтиргани, миллатимизнинг ҳеч қачон ўзгаларга қарам, қул бўлмаслиги учун халқимизни, ўсиб келаётган ёш авлодни уларнинг жасоратидан ибрат олишга, Ватан мустақиллигини мустаҳкамлашга чорловлари келтирилади.
Ушбу достон Хоразм заминидан етишиб чиққан, ўтган йили халқаро миқёсда нишонланган султон Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 825 йиллиги, Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда валитарош шайх Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигига бағишланади.
Нуруллоҳ Остон кўп йиллардан буён мактабгача таълим ва мактаб ёшидаги ўқувчилар учун ижод қилиб келади. Кўплаб шеърлари ўқув қўлланмалари ва мактаб дарсликлари саҳифаларидан ўрин олган.
Ўтган йиллар мобайнида унинг болалар учун “Юлдузлар чақнаган тун”, “Йўлдаги булоқ”, “Юрагимнинг безовта гули”, “Баҳор рақси”, “Қадим йўлларда”, “Осмон тўла фаришта”, “Фасли кўклам”, “Тонгга пешвоз чиқайлик”, “Қўрқмас улоқча”, “Ҳурватан”, “Чучмомага хат”, “Соғлом болалар”, “Ой чўмилар чайлада”, “Ўжар қизча – Упрямая девочка” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган

Маълумки, сўнгги йилларда Республикамизда болалар адабиётига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, нашриётларда энг кичик ёшдан то балоғат ёшидаги ўсмирлар учун мўлжалланган турли йўналиш ва жанрлардаги адабий-бадиий, илмий-маърифий, ўқув-методик ҳамда энциклопедик китоблар, луғатлар сони йилдан-йилга бойиб бормоқда.
Бундан ўн йиллар илгари болалар адабиёти дейилганда фақат эртак ва топишмоқлардан иборат такрор ва такрор нашр этиладиган мўъжаз тўпламлар тушунилган бўлса, бугунга келиб юртимиз китоб бозорида мутлақо бошқача ҳолат кузатилмоқда. Мисол учун, биргина “Ўзбекистон нашриёти”да ҳар йили 150-200 номдаги, жами 1 000 000 нусхадан ортиқ турли йўналишдаги китоблар нашр этилмоқда.
2024-2025 йиллар мобайнида мазкур ижодий жамоада “Китобхон болалар” рукнида 70 дан ортиқ, “Буюклар болалиги” рукнида эса 20 номдаги янги китоблар нашрга тайёрланди.
Ушбу лойиҳа келгуси йилларда ҳам мунтазам давом эттириб борилади.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг