Судьялар олий кенгаши фаолияти сарҳисоби

17:57 20 Февраль 2025 Жамият
328 0

АОКАда Судьялар олий кенгашининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисобига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда Кенгаш томонидан судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 783 нафар  номзод (умумий номзодларнинг 84,2 фоизи)  тавсия этилган лавозимга муносиб, деб топилди. Уларнинг 142 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 146 нафари ўн йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 250 нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланган. Судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланганларнинг барчаси Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби битирувчилари ҳисобланади.

Тавсия этилган номзодларнинг 65 нафари (ёки 6,8 фоизи) судьялик лавозимига номуносиб, деб топилган бўлса, 102 нафарига (ёки 10,7  фоизи)  нисбатан ваколати муддати даврига қайта тайинлаш рад этилган.

Жорий йилнинг 1 январидан суд тизимида янги институт — жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьялари иш бошлади. Шунга мувофиқ, ҳисобот даврида ушбу лавозим учун 240 та тайинлов ҳам амалга оширилди. Шу йилнинг 20 февраль ҳолатига тизимда 1518 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 500 нафари (32,9 фоиз) ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик, 964 нафари (63,5 фоиз) ўн йиллик муддатга, 54 нафари (3,6 фоиз) муддатсиз даврига тайинланган (сайланган).

Судьялар корпусини шакллантиришда гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда аёл судьяларнинг 34 нафарга  кўпайиб, жами 225 нафарга етди (15 фоиз). Уларнинг 22 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари  Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.

Кенгаш фаолиятида раҳбар судьялик лавозимларига номзодларни шакллантириш масаласи ҳам устувор аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда ўтган йилда 200 нафар судья тест синовларидан ўтказилиб, энг юқори балл олган 60 нафари туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозими учун захирага олинди. Улар учун  икки ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди.

Ҳисобот даврда Судьялар олий кенгаши фаолиятида халқаро ҳамкорлик алоҳида кўзга ташланади. Бу даврда ўзбек судьялари ҳамжамияти вакиллари Испания қироллигининг Судьялар бош кенгаши ҳамда Судьялар мактаби фаолияти билан яқиндан танишди, судьялик лавозимларига номзодлар тайёрлаш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг узлуксиз таълими бўйича тажриба алмашилди.

Шу билан бирга, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг Судьялар кенгашлари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюриб, юртимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини самарали таъминлаш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, лавозимга танлаш ва тайинлаш бўйича жорий этилган янги тартиблар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Яна бир эътибор жиҳати, ўтган йилнинг ноябрь ойида Сингапурда бўлиб ўтган Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси (IACA) конференциясида Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Шу тариқа Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши аъзо бўлган халқаро ташкилотлар сони яна биттага кўпайди. 2022 йилнинг октябрь ойида  Кенгаш Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) аъзолигига қабул қилинган эди. 

Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури янада такомиллаштирилди. Анъанага мувофиқ, энг юқори рейтинг-баллга эга судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиб келинмоқда. Ўтган йил натижаларига кўра, 18 нафар судья ушбу мукофотга лойиқ, деб топилди.  

Рейтинг кўрсаткичлари паст судьялар фаолияти таҳлилий ўрганилиб, уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. 

Анжуманда Кенгаш мутасаддилари томонидан журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб берилди.

Манзура МАТРАСУЛОВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер